Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни «Таълим соҳасида хусусий сектор иштирокини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжат нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш, таълим соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш ҳамда ушбу йўналишдаги тадбиркорларга қулайликлар яратиш мақсадида қабул қилинган.
Қарор билан 2030 йил 1 январга қадар нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотлари:
- барча турдаги солиқ (бундан ижтимоий солиқ мустасно) ва йиғимлардан озод қилинади;
- унда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эллик ўқитувчи ва мутахассислар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ тўламайди.
- Шунингдек, 2030 йил 1 январга нодавлат мактабгача ва умумий ўрта таълим ташкилотларининг қуйидаги Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган товар жиҳозларига божхона тўловлари тўланмайди (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно):
- замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари;
- компьютер техникаси ва дастурий маҳсулотлар;
- ўқув ва илмий-методик адабиётлар, анжомлар ва моддий-техник ресурслар.
2025 йил 1 январдан бошлаб:
- нодавлат таълим ташкилотларига доимий жалб этиладиган хорижий мутахассисларга «А-2» ўқитувчилар кириш визаларини бериш йўлга қўйилади;
- давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома бериш йиғим миқдори БҲМнинг 30 бараваридан 1 бараваригача камайтирилади;
- нодавлат мактабгача, умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим ташкилотларининг раҳбар ва педагог ходимлари малакасини оширишни Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти, педагогик маҳорат марказлари ҳамда белгиланган тартибда шакллантириладиган реестрга киритилган нодавлат малака ошириш ташкилотларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириш тартиби жорий этилади.
Шунингдек, бир қатор вазирликларда ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш учун қатор топшириқлар берилган. Жумладан:
- Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахсларга мазкур қарорда назарда тутилган солиқ имтиёзларини тақдим этиш бўйича қонун лойиҳасини;
- Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда нодавлат таълим ташкилотлари томонидан хориждан жалб қилинган мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома беришда ундириладиган йиғим миқдорини ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини;
- Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Ботир Зоҳидов ҳамда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова белгиланган.