139 Documentary Center (139 DC)да бўлиб ўтаётган NeUyat кўргазмаси 14 декабрга қадар узайтирилди. У зўравонликка қарши Nemolchi.uz лойиҳаси ва фотограф Тимур Карпов томонидан асос солинган галерея томонидан уч йилдан бери ўтказиб келинаётган шу номдаги фестивалнинг асосий тадбири ҳисобланади. Лойиҳадан мақсад — санъат, маърифат ва очиқ суҳбатлар орқали жамиятда жинсий зўравонлик масаласида сукут сақлаш ва уят маданиятига барҳам беришга уриниш.
Бу йилги фестивал 139 DC учун Тарас Шевченко кўчасидаги янги маконда ташкил этилган биринчи тадбир бўлди — май ойида собиқ «Агромаш» заводи ҳудудидаги бузилишлар туфайли галерея 2019 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган Султонали Машҳадий кўчасидаги 210-уйни тарк этишга мажбур бўлиб, вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган эди.
Қайта очилган марказ томонидан ноябрь ойи бошидан буён NeUyat доирасида «Суюнчи» филми ва SOUP видео-рассомлар жамоасининг кино асарлари намойиши, болалар ривожланиши бўйича мутахассис Зинаида Умарбекова томонидан қизларнинг балоғатга етиш даври ҳақида маъруза, кўргазмада иштирок этаётган рассом аёллар билан медиация тадбирлари ўтказилди.
Кўргазма саналарининг узайтирилиши муносабати билан фестивал дастурига янги тадбирлар ҳам қўшилди:
- 23 ноябрь, соат 18:00 — «Темир хотин» («Ўзбекфильм») филмининг намойиши. Ўзбек тилидаги намойишдан сўнг сценарийнавис Алия Темурийзода билан муҳокама ташкил этилади.
- 29 ноябрь, соат 19:00 — Тилланисо Нурёғдининг «Феминизм ва ўзбек шоиралари» маърузаси. Маъруза ўзбек тилида.
- 7 декабрь, соат 18:30 — Тилланисо Нурёғдининг «Ўзбек романида аёллар ижоди» маърузаси. Маъруза ўзбек тилида.
- 10 декабрь, соат 19:00 — «Ўзбекистонда 2023 йилда оиладаги зўравонлик бўйича жиноий ишлар: тизимли муаммолар ва тавсиялар» мавзусидаги тадқиқот тақдимоти. Тадқиқот муаллифи — Нигина Худойбергенова.
Барча тадбирларга, шу жумладан, кўргазмага ҳам кириш бепул.
Бу галги NeUyat кўргазмаси аввалгиларидан, биринчи навбатда, ҳам мавзу жиҳатдан, ҳам географик жиҳатдан йўналтирилганлиги билан ажралиб туради.
«Ўтган икки йил давомида биз асосий урғуни жинсий зўравонлик мавзусига қаратган бўлсак, бу йил эътиборимиз доирасини кенгайтирдик ва умумий ҳолда аёллар ва қизларга нисбатан гендер зўравонликка урғу бердик. Шунингдек, илгари иштирокчиларимиз Марказий Осиё мамлакатларидан келиб қатнашган бўлса, бу сафар асосий диққат-эътиборимизни ўзбекистонлик рассомларга қаратдик», — дейди Nemolchi.uz лойиҳаси координатори Нигина Худойбергенова.
Яна бир фарқи — ташқи қиёфадаги вазминлик. Экспозициядаги асарларнинг аксарияти қўрқув уйғотмайди, таҳдиддан дарак бермайди. Адрасдан ишланган юмшоқ қўғирчоқлар, Тошкент харитаси, анъанавий нақшлар билан безатилган ранг-баранг суратлар, ўсмирнинг бир талай ёқимли шахсий буюмлари жамланган шахсий хонаси акс эттирилган инсталляциялар бир қарашда рисоладагидек, оддийдек туюлади. Худди жамиятдаги у ҳақида гапирмасликни, уни пайқамасликни афзал кўриладиган зўравонлик каби.
Тажовузкорлар сукут ва уят маданияти ниқоби ортига беркиниб, уни ўз хатти-ҳаракатларининг маъқулланиши сифатида қабул қилади. Баъзан «ҳамма ҳам шундай яшайди» деган таскин ва ўзининг ҳақлигига ишонч давлат ва инсоний қонунлардан устун келади. Ваҳоланки, ана шу ишонч кучга сиғиниш ва муқаррар бўлмаган жазолаш механизмларини янада мустаҳкамлайди. Аёллар итоатсизлиги, «номақбул» ташқи кўриниши ва хулқ-атвори, қўл кўтарадиган эри билан ажрашишга уринганлиги ва тушунтириб ҳам, қабул қилиб ҳам бўлмайдиган бошқа сабабларга кўра калтакланади, ўлдирилади.
«NeUyat — бу ҳатто оддий нарсалар ҳам қўрқув манбаига, эркинликка интилиш эса доимий курашга айланганда, аёл учун ўзлигини сақлаб қолиш қанчалик қийин бўлишини кўрсатишга бир уринишдир. Кўргазмада намойиш этилаётган ёш рассомларнинг асарлари аёл назорат объекти эмас, балки кучли шахс эканлигини, унинг кечинмалари ҳурматга лойиқ эканлигини эслатиб туради», — дейди ташкилотчилар.
БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2021 йилда 179 нафар хотин-қизнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят содир этилган. Рассом Анна Иванованинг инсталляциясидан худди шунча матодан ишланган қўғирчоқлар жой олган. Статистик маълумотларни визуаллаштириш орқали у рақамга ҳажм ва аҳамият бериб, фожиа кўламини кўриш имконини ҳосил қилган.
Худди шундай ёндашувни рассом Мастура Ҳамро ҳам қўллаган. Унинг қизил устунли шаффоф варақлардан иборат инсталляцияси Ўзбекистонда 2015 йилдан 2021 йилгача юз берган фемицидлар статистикасини акс эттиради.
«Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни санъат воситасида муҳокама қилиш — муҳим вазифа. Рамз ва метафоралардан фойдаланиб, биз ҳамдардлик туйғусини уйғотишимиз ва одамларни бу ҳақда бош қотиришга ундашимиз мумкин. Энг асосийси, қурбонларга ҳурмат бажо келтириш ва шов-шувдан қочиш. Санъат изтиробларни акс эттириши, шу билан бирга, умид бағишлаши ва ўзгаришларга бўлган заруратга урғу бериши орқали мулоқот майдони бўлиб хизмат қилиши керак», — дейди Мастура Ҳамро.
Зилола Қаҳрамонованинг «Харитада йўқ жойлар» асари зўравонлик ва тажовузга фақат номақбул одамлар номақбул жойларда дуч келади, деган афсонани парчалаб ташлайди. Рассом хавфсиз дея эътироф этиладиган шаҳарда жинсий зўравонлик муаммосини тасвирлашни мақсад қилган. Унга галереяга ташриф буюрувчилар ҳам ёрдам беряпти: улар ўзлари таъқибга, безорилик ёки зўравонликка дуч келган жойларини Тошкент харитасидан белгилаб қўйяпти.
Инсталляция шуни тасдиқлайдики, ёмонлик фақат тунда ёритилмаган кўчаларда, ерости ўтиш жойларида, ташландиқ биноларда, кимсасиз жойларда эмас, балки куппа-кундузи тиқилинч автобусда ёки метро вагонида, мактабда, истироҳат боғида ва уйларда — ёпиқ эшиклар ортида ҳам содир бўлади.
Катерина Слапогузованинг «Болаликнинг сўнгги куни» инсталляцияси жуда оддий ва айни пайтда аянчли кўринади. Рассом ўсмир қизнинг хонасидаги манзарани гавдалантирган. Мусиқий гуруҳларнинг афишалари осиғлиқ девор ёнидан тартибга келтирилган каравот жой олган. Бош томонига кийимлар ташлаб қўйилган; ўрин-кўрпа устида ўйинчоқлар, дафтарлар, фотоальбом, телефон сочилиб ётибди. Рўпарада, устида телевизор жойлашган тумбочка ичида салкам хазина сақланади: китоблар, стол ўйинлари, елимли қоғозлар, тақинчоқлар солинган қутича.
Эҳтимол, ҳар бир қизнинг болалигида бўлган бу каби оддий деталлар номаълум хона эгасини ташриф буюрувчилар билан ҳиссий боғлайди, ҳатто кимнидир у билан яқинлаштиради. Шунинг учун хотира руҳидаги бу инсталляция айниқса қаттиқ таъсир қилади — у бахтли хотиралар ҳақида эмас, балки ўғирланган, поймол қилинган болалик ҳақида ҳикоя қилади.
«Болалик энди унутилган хонага ўхшайди: унга хаёлан қайтиш мумкин, лекин энди у ерга кириб, ўзингни ҳимоялангандек ҳис қилиш имконсиз», — деб ёзади Катерина Слапогузова ўз иши ҳақида.
Дарья Кантининг лойиҳаси эса одамлар зўравонликни бошдан кечирган ҳар бир аёл — кимнингдир онаси, синглиси ёки қизи эканлигини ёдда тутишлари кераклиги ҳақида. Рассом ҳиссий тажрибага мурожаат қилади; аёллар кўпинча ёлғизликда бошдан кечирадиган оғриқ ва руҳий изтиробларни визуал тарзда акс эттиради. Бу унинг жамиятдаги зўравонлик ва унинг оқибатларига бўлган муносабатни ўзгартиришга уринишидир.
«„Сингил. Қиз. Она“ лойиҳаси зўравонликдан жабрланганлар қораланадиган эмас, балки ҳимоя ва қўллов остида бўладиган жамият яратиш зарурлигини эслатиб, ҳамдардлик ва бирдамликка даъват бўлиб хизмат қилади. Аёлларнинг ҳимоя ва адолатга бўлган ҳуқуқи ҳақида гапириш керак, токи фожиалар ҳақида сукут сақланмасин, балки улар ўзгаришлар йўлида туртки бўлсин», — дея тушунтиради Дарья Канти.
Ҳамдардликка урғу бериш NeUyat кўргазмасининг яна бир ўзига хос хусусияти бўлиб, унинг таъсирини ақлбовар қилмас даражада кучайтиради. Рассомлар ташриф буюрувчиларни ҳиссий жалб қилиб, уларни ҳаммуаллифларга айлантириб, зўравонликка бефарқ бўлмаган одамларнинг яққол кўзга ташланишига имкон беради. Бу зўравонлик ва унинг атрофидаги сукунат доираси бир кун келиб узилишига умид уйғотади.
NeUyat кўргазмаси 139 Documentary Center галереясида 14 декабргача очиқ. Унга сешанбадан якшанбагача соат 11:00 дан 19:00 гача ташриф буюриш мумкин.