Тошкентда кўп қаватли уй-жой қурилишига киритилган инвестиция даромадлилиги тушиб бормоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) таҳлилида сўз боради.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, аҳоли учун турли инвестиция воситаларининг, жумладан, акциялар, облигациялар ёки пенсия фондлари каби имкониятларнинг чеклангани шароитида ривожланаётган мамлакатларда, айниқса уй-жой нархлари ошиб бораётган бир пайтда жамғармаларни уй-жойга инвестицияларга йўналтириш тенденцияси кузатилади.
Хусусан, Тошкент шаҳрида 2024 йил февралда пойтахтда кўп қаватли уй-жойга инвестицияларнинг даромадлилиги ўртача 32,4 фоизни ташкил қилган бўлса, октябрда ушбу кўрсаткич 12,2 фоизгача тушган.
Ушбу кўрсаткич уй-жой жойлашган ҳудуд ва хоналар сонидан келиб чиқиб, бир биридан сезиларли даражада фарқланади:
1 хонали квартиралар:
- Мирзо Улуғбек тумани — 2,3 фоиз (февралда 25,7 фоиз);
- Шайхонтоҳур тумани — 17 фоиз (50 фоиз).
2 хонали квартиралар:
- Сергели тумани — 7,4 фоиз (19,4 фоиз);
- Шайхонтоҳур тумани — 17,2 фоиз (59 фоиз).
3 хонали квартиралар:
- Бектемир тумани — 3,2 фоиз (33,7 фоиз);
- Юнусобод тумани — 13,7 фоиз (48,7 фоиз).
4 хонали квартиралар:
- Бектемир тумани — 2 фоиз (37,9 фоиз);
- Юнусобод тумани — 17 фоиз (39,8 фоиз).
Уй-жойнинг инвестицион даромадлилиги уй-жой нархлари йиллик ўзгаришидан олинадиган даромад ҳамда уларни ижарага беришдан келадиган йиллик даромад йиғиндиси асосида ҳисобланди, дейилади ҳисоботда.
Февралда пойтахтда уй-жой ва ижара нархлари нисбатан юқори бўлган ҳудуд — Шайхонтоҳур туманида уй-жой нархлари кўтарилиши ҳисобига кўрилиши мумкин бўлган фойда ўртача 35,8 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткич 5,5 фоизгача тушди.
Октябрда уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган ўртача даромад Миробод (23,2 фоиздан 1,9 фоизга) ва Яккасарой (16,1 фоиздан 3,5 фоизга) туманларида сезиларли даражада пасайган.
Мирзо Улуғбек ва Учтепа туманларида уй-жой нархларининг ўсишдан деярли тўхташи ёки бироз арзонлашиши натижасида октябрь ойида мазкур ҳудудларда уй-жой нархлари ўзгаришидан олинадиган ўртача даромадлилик мос равишда -2,6 фоиз ва -2,4 фоизни ташкил этган (февраль ойида 24,6 фоиз ва 15 фоиз).
Ижара
Октябрда уй-жойлар ижарасидан олинадиган йиллик ўртача даромад:
- Шайхонтоҳур тумани — 10 фоиз (февралда 11,6 фоиз);
- Миробод тумани — 9,8 фоиз (10,4 фоиз);
- Яккасарой тумани — 9,5 фоиз (10,5 фоиз).
Ижара нархлари нисбатан арзонроқ бўлган ҳудудларда:
- Сергели тумани — 9,3 фоиз (8,4 фоиз);
- Учтепа тумани — 9,7 фоиз (8,6 фоиз);
- Чилонзор тумани — 9,3 фоиз (9,3 фоиз);
- Олмазор тумани — 9,1 фоиз (9,4 фоиз).
Ушбу рақамлар ижарадан келадиган ўртача даромад ўсиши секинлашганидан далолат беради, дея қайд этади МҲТИ. Таққослаш учун: январь-сентябрь ойларида жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 21 фоизни ташкил этди.
Даромадлилик даражаси бўйича 1 ва 2 хонали хонадонларнинг инвестицион жозибадорлиги юқори ҳисобланади.
Февраль ойида 1 ва 2 хонали хонадонларга йўналтирилган инвестициялар даромадлилиги мос равишда 35,6 фоиз ва 30,8 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойида ушбу кўрсаткичлар 16,7 фоиз ва 12,2 фоизга тушган.
Мазкур даврда 3 ва 4 хонали хонадонлар учун даромадлилик кўрсаткичи сезиларли даражада тушган (мос равишда 10,1 фоиз (февралда 33 фоиз) ва 9,9 фоиз (30,3 фоиз)).
Хулоса
МҲТИга кўра, ривожланаётган давлатларда аҳоли жамғармаларининг уй-жойга йўналтирилиши қисқа муддатда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни ошириши мумкин. Аммо узоқ муддатда капитал бозорини ривожлантириш ва аҳоли учун диверсификацияланган инвестиция имкониятларини тақдим этиш муҳимдир.
«Шу йўл билан аҳоли жамғармалари нафақат сақланиши, балки миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларига инвестиция қилиб, янада кенгроқ ривожланиш имконини беради», — дейилади ҳисоботда.
Таҳлилда фойдаланилган маълумотлар olx.uz платформасидан веб-скрейпинг орқали олинган бўлиб, бунда ижара нархи учун 740 мингга ва сотув нархи учун 1500 мингга яқин маълумотлардан фойдаланилган.
Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида уй-жой бозори савдоларида бироз ўсиш кўзатилиб, сўнгги икки ойдаги пасайиш тўхтаган. Иккиламчи бозорда нархлар деярли ўзгармаган, уй-жой ижара бозоридаги вазият ҳам барқарорлашган. Тошкентда энг арзон уй-жой ижараси Бектемир ва Сергели туманларида кузатилмоқда (1 кв метр учун 6 доллар).
Марказий банк аввалроқ Ўзбекистонда 2024 йил илк ярмида уй-жой нархи юқорилигича қолаётгани, унинг бозор нархи фундаментал («объектив») нархдан 28 фоиз юқорилигини қайд этганди. Нархлар иш ҳақига нисбатан 1,8 баравар тезроқ ўсмоқда ва бу келажакда нархларнинг пасайиши хавфидан далолат беради, деб ҳисоблайди регулятор.