21 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон ва Кувайт ўртасида Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди, дея хабар қилди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Кувайт молия вазири, Иқтисодий ишлар ва инвестициялар бўйича давлат вазири Нура Сулаймон Ал-Фассам икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолатини муҳокама қилди.

Кудратов икки мамлакат бозорларини таҳлил қилиш асосида товар айирбошлаш доирасини кенгайтириш, имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш, электрон тижорат соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, тўсиқларни бартараф этиш ва Made in Uzbekistan ва Made in Kuwait кўргазмаларини ўтказиш кабилар ҳақида гапирди.

Имтиёзли савдо келишуви — бу икки ёки ундан ортиқ давлат ўртасида тузиладиган халқаро шартнома бўлиб, у савдо қилинадиган муайян товарлар ёки хизматларга имтиёзли шартларни таклиф этади. Бундай келишувларнинг мақсади ўзаро савдони рағбатлантириш, иқтисодий ҳамкорликни яхшилаш ва экспорт-импорт учун қулайроқ шарт-шароитлар яратишдан иборат.

иқтисодиёт, кувайт, лазиз кудратов

ИССВ раҳбари, шунингдек, Кувайт компаниялари учун Ўзбекистон эркин иқтисодий зоналарида кенг имкониятлар очилаётгани, жумладан, солиқ, божхона имтиёзлари ва преференциялар, хомашё ва коммунал хизматлардан фойдаланиш имкониятларини қайд этди.

Ўзбекистон компаниялари ҳам Кувайт Эркин иқтисодий зоналарида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун етарли тажриба ва имкониятларга эга эканлиги таъкидланди.

Томонлар «яқин келажакда» саноат кооперацияси дастури ва икки томонлама сармоявий шартномалар тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш бўйича келишувларга эришди.

Шунингдек, Нура Сулаймон Ал-Фассам янги ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, амалдаги келишувларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш ҳамда Кувайт компанияларини Ўзбекистонга жалб этишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Тадбир якунлари бўйича савдони осонлаштириш бўйича меморандум имзоланди.

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистон ва Кувайт ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми беш баравар ошиб, 11,1 млн долларга етди. Бу асосан озиқ-овқат, кимё саноати маҳсулотлари ва хизматларнинг ўзаро етказиб бериш ҳажмини ошиши ҳисобига юз берди. 2024 йилнинг 10 ойи якунлари бўйича савдо ҳажми 4,9 млн долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Кувайт капитали иштирокида 7 та корхона фаолият кўрсатмоқда.

Кувайт — Жануби-Ғарбий Осиёда, Арабистон яриморолининг шимол-шарқий қисмида жойлашган кичик давлат. Бошқарув шакли — конституцион монархия. Ижро этувчи ҳокимият ҳукумат томонидан амалга оширилади, уни бош вазир бошқаради. Аҳолиси тахминан 4,5 млн кишини ташкил этади, шундан 70 фоизи хорижлик ишчилардир.

Кувайт дунёнинг энг йирик нефть захираларига эга мамлакатлардан бири. 2022 йил охирида Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти маълумотларига кўра, нефть захиралари бўйича Кувайт жаҳонда олтинчи ўринда бўлган. Унинг умумий захиралари 100 млрд баррелдан ошиқ бўлиб, бу глобал захираларнинг 6,55 фоизини ташкил этади.