25 ноябрь куни Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган қўмиталар йиғилишларида «2025 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қўмиталар фаолияти йўналишларидан келиб чиқиб муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда қуйи палата матбуот хизмати.

Муҳокамалар якунида барча қўмиталар қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқуллади.

Муҳокамаларда депутатлар қонун лойиҳасида бюджет маблағлари давлатнинг фуқаролар олдидаги ижтимоий мажбуриятларини бажаришга йўналтирилганлиги, солиқ ва бюджет сиёсатидаги ўзгаришлар тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилганлиги, фуқароларнинг давлат бюджетини шакллантириш ва ижро этишдаги иштироки, шунингдек, бюджет маблағларидан фойдаланиш ва унинг натижадорлигини таъминлашга қаратилган механизмлар жорий этилаётганлигига эътибор қаратган.

Жумладан, Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси аъзолари томонидан президентнинг ҳудудларга ташрифи давомида туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлар даромадларини ошириш бўйича берган топшириқларидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) бюджетларига бириктирилган даромадлар таркиби ўзгартирилгани ҳамда келаси йилдан айрим солиқлар туман (шаҳар)ларнинг маҳаллий бюджетларида қолдирилаётганининг натижадорлиги юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шунингдек, 2025 йилда биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларга ажратилган маблағларнинг миқдори, харажат йўналишлари ва бюджетдан ажратилган трансфертлар сарфланишининг самарадорлиги, натижадорлиги ва мақсадлилигига эришиш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш ва бу орқали савдони ривожлантириш мақсадида солиқ, божхона қонунчилигини ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳаларига ажратилаётган субсидиялар ва имтиёзларни ЖСТ талабларига уйғунлаштириш борасида қонун лойиҳасида кўзда тутилган чоралар юзасидан фикрлар билдирилди.

Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзолари томонидан бюджет лойиҳасида сув хўжалиги соҳасида, пахта хом ашёсини етиштирувчилар томонидан томчилатиб ва дискрет суғориш тизимини жорий этиш харажатларининг бир қисмини қоплаш, 2025 йилда сув хўжалиги соҳасини рақамлаштиришга, канал ва ариқлар бетонланишига, ушбу йўналишларда мақсадли ишларни амалга ошириш тадбирлари учун алоҳида маблағ ажратилаётгани ижобий баҳоланди. Шунингдек, бу маблағлардан мақсадли фойдаланиш ҳамда натижадорликка эришиш борасида таклифлар билдирилди.

Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари ахборот технологияларини ривожлантириш, ёшларнинг рақамли технологиялар бўйича билим олиши, касб эгаллаши, уларни IT соҳасига жалб қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш масалаларига эътибор қаратди. Қўмита йиғилишида қонун лойиҳасида депутатларнинг иқтисодиёт тармоқларида космик технологияларни қўллаш, лойиҳаларни сунъий интеллект технологиялари асосида амалга ошириш учун зарурий инфратузилмаларни жорий этиш, мобил алоқа хизматларини ривожлантириш каби стратегик масалалар ҳамда лойиҳалар учун ажратилаётган маблағлар ва улардан самарали сарфлаш юзасидан кўтарилган масалаларга аниқлик киритилган.

Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси аъзолари томонидан мактабгача таълимдаги қамров даражасини 80 фоизга етказиш, жумладан, мактабгача таълим хизматлари нодавлат секторини янада ривожлантириш орқали нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари орқали қамраб олинган болалар улушини 45 фоизга етказиш, олий таълим билан қамраб олиш даражасини жами битирувчилар сонига нисбатан 50 фоизга етказиш учун бюджетдан ажратилган маблағлардан самарали фойдаланишга оид таклиф ва тавсиялар илгари сурилди.

Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзолари 2025 йилда коррупциянинг олдини олишга қаратилган муҳим превентив механизмларнинг янада такомиллашуви, давлат бошқарувида бюрократияни камайтириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, давлат хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилашга, рақамлаштириш орқали инсон омилини камайтириш борасида бюджет лойиҳасида кўзда тутилган маблағлар ва уларнинг натижадорлигига эътибор қаратди.

Шунингдек, 2025 йилда Давлат бюджети лойиҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, қонунчилик ҳужжатларини мақбуллаштириш натижасида улар сонини қисқартириш ва умумий тусдаги, тўғридан тўғри амал қилувчи қонунларнинг улушини ошириш юзасидан давлат бошқаруви органлари олдида турган муҳим вазифаларни молиялаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари 2030 йилгача яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсадида 2025 йилда ҳар бир туманда кенг жамоатчилик иштирокида экологик паспортлар ва экологик рейтинг ишлаб чиқилиши, йирик корхоналарнинг экологик ишлаб чиқаришга ўтишини қўллаб-қувватлаш тизими жорий қилиниши, чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича умумий қиймати 1 млрд 300 млн долларлик лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари юзасидан масалаларни кўтарди.

Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида эса 2025 йилда жалб қилинадиган давлат ташқи қарзининг юқори чегарасини 5,5 млрд доллар ҳамда ички облигацияларни муомалага чиқаришнинг юқори чегараси 30 трлн сўм қилиб белгилаш таклиф этилаётгани атрофлича ўрганилган.

Демократик институтлар ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш масалалари қўмитаси аъзолари олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловларини қайтариш шартисиз қоплаш харажатларига грант маблағлари ажратилётганлигини ижобий баҳолаб, маҳаллаларнинг бошқарув тизими фаолиятини кенгайтириш борасида келгусида қандай ишлар амалга оширилиши юзасидан мутасаддилардан вазифаларга аниқлик киритишни сўради.

Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан 2025 йилда Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш билан боғлиқ масалалар, хусусан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси фаолияти ташкил этиш бўйича саволлар, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси тақдим этилгани ҳақида хабар берилганди. Унга кўра, келаси йилда ЯИМ ўсиши 6 фоиз бўлиши, инфляция 7 фоизгача пасайиши кутилмоқда. Консолидациялашган бюджет тақчиллиги чегараси ЯИМга нисбатан 3 фоиз (49,3 трлн сўм) бўлиши, ташқи қарз лимити эса 5,5 млрд долларгача оширилиши таклиф қилинмоқда.

18 та вазирликка жами 195 трлн сўмдан кўпроқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилмоқда (Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликларидан ташқари).

Шунингдек, 2025 йил базавий солиқ ставкалари сақланиб қолиниши, лекин импорт қилинадиган газ учун акциз солиғи қайтарилиши, қатъий белгиланган солиқ ставкалари, маркетплейслар, сув ва бошқалар учун солиқлар оширилиши назарда тутилган.

Бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақалар келаси йилда инфляциядан паст бўлмаган даражага оширилиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, 2025 йилда давлат бюджетидан электр энергияси, табиий газ нархларидаги тафовутни қоплаш ва иссиқлик корхоналарига субсидиялар учун 12,3 трлн сўм ажратилиши режалаштирилмоқда. Ҳукумат тарифлар ошгани ва 2025 йилда яна ошишига қарамай, газ ҳамда электр энергияси нархларини субсидиялашда давом этмоқчи.