Ўзбекистон ижро этувчи ҳокимият органлари Янги Тошкент шаҳри ҳудудига ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни пойтахт атрофида «яшил белбоғ» яратиш бўйича тадбирда маълум қилди.

«Яшил макон деганимиз бу бежиз эмас, бу — келажагимиз. Худо хоҳласа, мана Янги Тошкентни қуриб, ижро органини ҳаммасини Янги Тошкентга кўчиришни режа қиляпмиз. Тасаввур қилинглар катта машиналар кирмайдиган, тирбандликлар йўқ [ҳудуд] бўлиб, одамлар бундан фақат фойда кўради», — деди президент.

Давлат раҳбари, шунингдек, Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (COP29) сўзлаган нутқини эслатиб ўтди, шунингдек, 2025 йилни Ўзбекистонда «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва „яшил“ иқтисодиёт йили» деб эълон қилишни «бежиз» таклиф қилмаганини айтди.

«Агар биз иқтисодиёт барқарорлиги билан мана шу экологияга, яшил иқтисодиётга эътиборимизни берсак… Мана ҳамма соҳада жаҳон бозорига чиқмоқчимиз, мақсадимиз битта — бозор топиш. Тадбиркорларга бозорни очмасак у тадбиркор шунча технологияни Европада, Осиёдан, Америкадан, Хитойдан олиб келиб ётибди. Эртага унинг маҳсулоти қаерга боради? Биласизларми, онг ўзгариш керак. Рақобатбардош, коррупциядан ҳоли қилиш учун технологияларни янгилаб, бозорга муносиб маҳсулот чиқариш керак. Мақсад — даромад топиш, манфаат бўлиш», — деди президент.

Шавкат Мирзиёев ялпи ички маҳсулотни 200 млрд долларга етказиш режалари ҳақида гапирди.

«Бошлаганимизда 51 млрд [доллар] эди, ҳозир 110 млрд бўлаяпти. Қилса бўлар экан! Шунинг учун халқимиз, ўз келажагимиз, жонажон ватанимиз учун қилган ҳамма режаларимиз учун мана шу стратегиямизга муносиб ҳаракат қилсак ана шунда марра бизники бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг 19 апрелдаги қарори билан бош вазир бошчилигидаги мувофиқлаштирувчи кенгашга уч ой муддатда вазирлик ва идораларни Янги Тошкентга кўчириш бўйича таклиф киритиш топширилганди.

2023 йил март ойида президент Янги Тошкент қурилиши бошланганини билдирувчи капсулага тамал тоши қўйган эди. Шаҳар 1 миллион аҳолини сиғдира олиши кутилмоқда.

Бу ерда давлат муассасалари, олий ўқув юртлари ва бошқа объектлар жойлашишини таъкидлади. Ҳозирда вазирлик ва идоралар жойлашган бино ўрнида меҳмонхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини очиш режалаштирилган. «Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади», — деди ўшанда давлат раҳбари.

2023 йилнинг сентябрь ойида давлат раҳбари Буюк Британиянинг Cross Works компанияси томонидан ишлаб чиқилган Тошкент ва Янги Тошкентнинг қўшма лойиҳасини маъқуллаган эди. «Ҳа, биз буни Янги Тошкент деб атаймиз, лекин эртага у эски Тошкентни ҳам янгилаши керак. Улар бир қон, бир қон томирига айланиши керак», — деганди қурилиш дирекцияси раҳбари Давронжон Одилов.

Давлат раҳбари Янги Тошкент лойиҳасини бошлаш муҳимлигини, акс ҳолда беш йилдан кейин пойтахтда «яшашнинг иложи бўлмаслигини» айтган эди.