Шавкат Мирзиёев 25 ноябрь куни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пахта ва ғалла ҳосилдорлигини ошириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.
Давлат раҳбари яқинда бўлиб ўтган парламент мажлисидаги нутқида аҳоли сони кўпайиб бораётган ҳозирги шароитда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш энг долзарб вазифа эканини таъкидлаганди.
Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон аҳолиси йилига қарийб 1 миллион нафарга ўсиб боряпти, ер ва сув манбалари эса чекланган. Шу боис ички бозор барқарорлигини омилкорлик ва ҳосилдорлик орқали таъминлаш мумкин.
Тақдимотда қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов шу борадаги режаларни баён этди. Хусусан, келгуси йил 4 миллион 800 минг гектарда экинлар етиштириш мўлжалланган. Шундан 2 миллион гектардан зиёд ерда мева-сабзавот, картошка, дуккакли ва полиз маҳсулотлари экилади. Уларнинг далаларда жойлаштирилиши ва ҳосилнинг захирага жамланиши мониторинг қилиб борилади.
Хусусан, аҳолига бирламчи зарур бўлган 10 турдаги асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг тизимли ҳисоб-китоби юритилади. Бунда ҳар бир туман кесимида қандай маҳсулот етиштирилиши ва ички бозор учун қанча захира қилиниши мужассам бўлади.
Президент ташаббуси билан 260 минг гектар ер 800 минг аҳолига деҳқончилик қилиш учун бўлиб берилган эди. Шунингдек, Сайхунобод тажрибаси асосида томорқаларда маҳсулот етиштириш қўллаб-қувватланмоқда. Таъкидланишича, бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўп етиштирилиб, уларнинг нархи кескин ошиб кетмаслигида муҳим омил бўлмоқда.
Энди бу ишларнинг сифатини ошириб, ажратилган ерлар ва томорқалардан унумли фойдаланиш, аҳолига илмий ва амалий жиҳатдан кўмаклашиш зарур, таъкидлади Шавкат Мирзиёев. Бундан ташқари, туманларнинг ўзи қишлоқ хўжалигига грант ва техник кўмаклар жалб этиши, илғор технологияларни қўллаши талаб этилади.
Шунингдек, давлат раҳбари хорижий тажрибани ўрганиб, картошкачилик тизимини такомиллаштириш ва ҳосилдорлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.
Ўтган йилги қишда 9 минг гектар боғ ва 4 минг гектар узумзорни совуқ ургани оқибатида 207 минг тонна ҳосил нобуд бўлган. Президент бундай об-ҳаво шароитларида деҳқонлар зарарининг олдини олиш бўйича топшириқ берганди. Шунга мувофиқ, хорижий мутахассислар билан бирга «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унинг қабул қилиниши деҳқон ва фермерларнинг иқтисодий ҳимоясини таъминлаши кўзда тутилган.
Йиғилишда пахтачиликда хорижий навларни экишнинг натижадорлиги ҳам таҳлил қилинди. Давлат раҳбари бу борада кластер, фермер ва саноат корхоналари фикрини ўрганиб, масалага илмий ёндашиш, фермерларни замонавий агротехнологияларга ўқитиш муҳимлигини таъкидлади. Замонавий пахта териш машинаси ва аҳоли томорқалари учун кичик агротехникалар ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар берилди.
«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида яратилаётган дарахтзорлар атрофи ҳамда дала четларида одамларга манфаат келтирадиган экинлар етиштириш мумкинлиги айтилди.