Бирлашган Араб Амирликларида 21 ноябрь куни бедарак йўқолган раввин Зви Коганнинг жасади топилди, дея хабар берди Исроил расмийлари.
«Зви Коганнинг ўлдирилиши жиноий антисемитик терактдир. Исроил барча воситаларни ишга солади ва унинг ўлимида айбдор бўлган жиноятчиларни жавобгарликка тортади», — дейилади Исроил бош вазири ва Ташқи ишлар вазирлиги қўшма баёнотида.
28 ёшли Коган Абу-Дабидаги «Хобод» яҳудий диний ҳаракатининг вакили бўлган. У Дубайда йўқолган, у ерда кошер маҳсулотлари дўкони эгаси бўлган, дея аниқлик киритди The Times of Israel. Унинг жасади Абу-Дабидан тахминан 150 км узоқликда Уммон билан чегарадош Ал-Айн шаҳрида топилган.
Исроилнинг Ynet нашрига кўра, Ал-Айнда раввиннинг ташлаб кетилган машинаси ҳам топилган. Портал Исроил махсус хизматларидаги манбаларга таяниб, Коган, эҳтимол, «Эрон томонидан юборилган ўзбек террористик ячейкаси» томонидан ўғирлаб кетилгани ва ўлдирилганини ёзади.
Тергов маълумотларига кўра, «уч нафар ўзбекистонлик агент» Коган дўконни тарк этгач, уни кузатган ва ўлдириб бўлгач, Туркияга қочиб кетган.
Haaretz газетаси Исроил махсус хизматларидаги манбаларга таяниб, Коганнинг ўлдирилиши учун масъул бўлган ячейка аъзолари Ўзбекистон фуқаролари эканини маълум қилди.
Wall Street Journal ҳам тергов билан таниш манбага таяниб, Исроил Эрон билан алоқада бўлган Ўзбекистон фуқароларини Коганни ўғирлаш ва ўлдиришда гумон қилаётгани ҳақида ёзмоқда. Нашр суҳбатдошининг айтишича, «баъзи гумонланувчилар» Туркияга қочиб кетган.
Шу билан бирга, Reuters БАА Ички ишлар вазирлигига таяниб, мамлакатлар ҳукумати раввинни ўлдиришда гумон қилинган уч кишини ҳибсга олганини маълум қилди. Баёнотда гумон қилинувчилар ҳақида маълумот келтирилмаган ва уларга айблов қўйилгани ёки қўйилмагани айтилмаган, аммо расмийлар «жамият барқарорлигига таҳдид солувчи ҳар қандай ҳаракат ёки уринишларга» жавоб бериш учун барча қонуний ваколатлардан фойдаланаётгани таъкидланган.
Эроннинг БААдаги элчихонаси Коганни ўлдиришга Эроннинг алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этишини маълум қилди, дея аниқлик киритди агентлик.