Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат Миллий олимпия қўмитаси раиси этиб сайланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.
25 ноябрь куни МОҚнинг 41-Бош ассамблеяси бўлиб ўтди. Тадбирда бош вазир Абдулла Арипов, Президент администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Осиё Олимпия кенгаши (ООК) вице-президенти Отабек Умаров, Бош ассамблея аъзолари, шунингдек, федерациялар ва ассоциацияларнинг масъуллари иштирок этди.
Йиғилишда Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти қайта шакллантирилди.
Тадбирни МОҚ бош котиби Ойбек Касимов олиб борди ва қўмита низомига мувофиқ, ҳар бир олимпия циклида МОҚ раҳбариятининг таркиби қайта шаклланишини таъкидлади.
Спорт вазири Адҳам Икрамов Бош ассамблеяда аввалги Олимпия циклида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.
Бош вазир эришилган муваффақиятларни қайд этиб, айни пайтда амалга оширилмаган имкониятларга эътибор қаратди ва кутилган натижага эриша олмаган федерацияларни танқид қилди.
Шундан сўнг кун тартибидаги бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Дастлаб Миллий олимпия қўмитасига янги раҳбар сайланди (аввалги раҳбар Рустам Шаабдурахмонов 2022 йил февралида ўз лавозимини тарк этганди, шундан бери қўмита иши координацияси билан спорт вазири Адҳам Икрамов шуғулланиб келарди).
«Абдулла Нигматович ушбу лавозим учун номзод ҳақида тўхталар экан, Лос-Анжелес-2028 ёзги Олимпия ўйинларига ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш лозимлиги, мамлакатимизнинг кўп минг сонли олимпия оиласи, спортчи ва мураббийларнинг илтимосини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Мирзиёев Шавкат Миромонович номзодини илгари сурди. Номзод барча делегатлар томонидан бир овоздан маъқулланди ва Ш. М.Мирзиёев Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг раиси этиб сайланди», — дейилади хабарда.
Шунингдек, қўмита раисининг ўринбосарлари таркиби ҳам шакллантириб олинди. Унга мувофиқ, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, Ойбек Касимов бош котиб ва Шерзод Ташматов раис ўринбосари лавозимига сайланди.