Шавкат Мирзиёев 22 ноябрь куни «Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра, тиббиётнинг бирламчи бўғинида 30−65 ёшдаги аёлларнинг электрон базаси (рўйхати) шакллантирилади, уларни тиббий кўрикка таклиф қилиш тизими яратилади.

Ҳар йили 30−50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни саратони скрининги одам папилломаси вирусини полимераза занжирли реакция текшируви усули орқали аниқлаш ҳамда суюқлик цитологияси усулида текшириш йўли билан амалга оширилади.

2025 йил 1 январдан бошлаб:

  • онконазорат хоналари учун акушер-гинеколог шифокор ҳамда мобил ва стационар маммографлар ишини 2 та сменада ташкил этиш учун рентген-лаборантлар штатлари жорий этилади;
  • Маммография тасвирини ўқиш маркази ташкил этилади;
  • одам папиллома вируси диагностикаси учун қўлланадиган тест тизимлари сифатини назорат қилиш бўйича референс-лаборатория фаолияти йўлга қўйилади;
  • бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони скринингига нодавлат тиббиёт ташкилотлари жалб қилинади.

2025 йил 1 майга қадар:

  • бачадон бўйни саратони скрининги ва кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш сифатини баҳолаш ва мониторинг қилиб бориш тизими;
  • скрининг дастурига киритилган аёллар билан қайта алоқа қилиш тизими жорий этилади.

Шунингдек, 30−65 ёшдаги аёллар ҳар 2 йилда бир маротаба тиббиёт ходимлари томонидан бирламчи саралашдан ўтказилади.

Скрининг натижасида онкологик касалликка чалинганлиги аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш билан боғлиқ харажатлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Президент Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни Ўзбекистонда касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволашга оид таклифлар тақдимоти билан танишганди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар қилишича, сўнгги 7 йилда бу тизимга ажратилаётган маблағлар 6 карра оширилган.

Касалликларни эрта аниқлаш мақсадида онкология, эндокринология, кардиология марказлари ҳудудларда скрининг текширувлари олиб бораяпти. Масалан, 1 млн 700 минг нафар аёл скрининг қилиниб, 49 мингида саратон олди касалликлари топилган. Бу йил ярим йилликда 122 минг нафар аҳолида юрак қон-томир ва қандли диабет эрта босқичда аниқланган.

Таҳлилларга кўра, жами онкологик касалликларнинг ўртача 20−25 фоизи аёллардаги кўкрак бези ва бачадон саратонига тўғри келади. Шу боис бу борада скринингларни кенгайтириш ва уларнинг реестрини юритиш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, 2024 йилда гематология, кардиология, эндкринология касалликларини эрта аниқлаш ва уларни даволаш бўйича уч йиллик дастурлар якунига етади. Мутасаддиларга эришилган натижаларни ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг муддатини узайтириш бўйича кўрсатма берилди.