Бош прокуратура Қибрай туманида қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят ишини илк бор Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов билан боғлаб баёнот берди.

Қайд этилишича, тергов ҳаракатлари давомида ҳодиса содир бўлган жойни ва айбланувчилар бошқарувида бўлган автомашиналарни кўздан кечириш ҳамда улар истиқомат қилган хонадонларда ўтказилган тинтувларда ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар аниқланиб олинди.

Ўтказилган тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди, шунингдек 2 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган эди.

Қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистонда яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Шунингдек, қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 26 октябрга ўтар кечаси Қибрай туманида темир йўл кесишмаси яқинида икки номаълум шахс Комил Алламжонов ўтирган Range Rover русумли автомобилга бир неча марта ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Ҳайдовчи ва собиқ амалдор жароҳат олмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248- (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

27 октябрь куни эрталаб Бош прокуратура бир гумонланувчи ҳибсга олингани ҳақида хабар берган эди. Бир кун ўтиб яна уч нафар шахс ушлангани маълум қилинган.