Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида 40 ёшли эркак пул айирбошлаш билан шуғулланувчи танишини уриб, ўлдириб қўйди. 3 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судида фуқаро 19 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинди. «Газета.uz» суд ҳукми билан танишди.
Маълум бўлишича, айбланувчи бунгача ҳам 3 маротаба фирибгарлик ва бошқа жиноятларни содир этгани учун судланган ва ўта хавфли рецидивист деб топилган.
У 2024 йилнинг апрель ойида Денов туманида пул айирбошлаш билан шуғулланувчи танишини уйига чақириб, гўёки унда 2000 минг доллар пул борлигини, уни сўмга алмаштирмоқчи эканини айтган. Суд ҳужжатида фуқаро купюрачи танишининг пулларини ўзлаштиришни мақсад қилгани айтилади.
Фуқаро танишининг ёнида пул борлигига ишонч ҳосил қилгач, у бошқа тарафга қараб турганда ёғоч билан бошига урган. Таниши олган зарбдан ерга йиқилган вақтида қўлидаги ёғоч даста билан ўта шафқатсизларча унинг юз, бош ва танасининг дуч келган жойларига уриб, қасддан ўлдирган.
У олган жароҳатлари сабаб вафот этган жабрланувчини гиламга ўраб, молхонаси яқинидаги чуқурга кўмиб қўйган. Унинг устидан кетмон билан тупроқ тортган. Унда бўлган 139 млн сўм пулни эса ўзлаштирган.
Суд мажлисида эркак айбига тўлиқ иқрор экани, қилган ишидан пушаймонлигини билдирган. У жабрланувчи фуқарони камситгани ортидан қотилликка қўл урганини таъкидлаган.
Судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и», «c» банди, (Ўта хавфли рецидивист томонидан тамагирлик ниятида қасддан одам ўлдириш), 164-модданинг 4-қисми «б» банди (Ўта хавфли рецидивист томонидан босқинчилик) ва 226-модданинг «а» бандида (Маъмурий назоратдан бўйин товлаш мақсадида ўз истиқомат жойини ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.