БААда ҳибсга олинган ва Исроил раввинини ўлдиришда гумон қилинаётган уч нафар гумонланувчи Ўзбекистон фуқаролари экани маълум қилинди, деб хабар бермоқда Emirates News Agency давлат ахборот агентлиги мамлакат Ички ишлар вазирлиги баёнотига таяниб.
БАА ИИВ гумонланувчиларнинг исм-шарифини маълум қилди: Олимбой Тоҳирович (28 ёш), Маҳмуджон Абдураҳим (28) ва Азизбек Комилович (33). Вазирлик, шунингдек, қўлқоп кийган ва юзларини беркитган уч нафар эркакнинг суратларини ҳам эълон қилди.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳибсга олинганларга нисбатан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва «жиноят тафсилотлари, ҳолатлари ва сабабларини очиш учун зарур тезкор чоралар кўришга содиқлик» таъкидланган.
28 ёшли раввин Зви Коган ўтган ҳафта Дубайда бедарак йўқолганди, у ерда Коган кошер маҳсулотлари дўкони эгаси бўлган. Кейинчалик у Уммон билан чегарадош Ал-Айн шаҳрида ўлик ҳолда топилган.
Шунингдек, Молдова фуқаролигига эга бўлган Коган Абу-Дабидаги «Хобод» яҳудий диний ҳаракатининг вакили бўлиб, бир неча йил БААда яшаган.
Исроил ҳукумати раввиннинг ўлдирилишини «аксилсемит теракт» деб атади. Исроил махсус хизматлари Коганни Эрон томонидан ёлланган «уч нафар ўзбек агенти» ўлдирганини маълум қилди.
Эроннинг БААдаги элчихонаси Эроннинг раввиннинг ўлдирилишига алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этди.