Акбар Анваржонович Султанов «Ўзчармсаноат» уюшмаси раиси лавозимига тасдиқланди. Бу ҳақда уюшма матбуот хизмати хабар берди.

У 2021 йил май ойидан буён «Ўзчармсаноат» уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

25 ноябрь куни «Ўзчармсаноат» уюшмаси ва унга аъзо тадбиркорлик субъектларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши бўлиб ўтди ва унда уюшма кенгашининг янги таркиби ҳам сайланди.

Йиғилиш кенгаш аъзолари, Савдо-саноат палатаси, Халқ банки, ижро ҳокимияти вакиллари, ҳудудий бошқармалар ва уюшмага аъзо корхоналар раҳбарлари иштирокида гибрид форматда (офлайн ва онлайн) ўтказилди.

Чарм саноати корхоналари йиғилишида саноатни ривожлантириш, фаолиятни самарали ташкил этиш масалалари, янги лойиҳалар ва стратегик вазифалар муҳокама қилинди.

Уюшма кенгаши ва тадбиркорларга соҳани ривожлантириш бўйича эришилган натижалар ва 2024 йилга мўлжалланган мақсадли параметрлар юзасидан ҳисобот берилди. Харажатлар таҳлил қилинди ва тегишли сметалар тасдиқланди.

Халқ банки раиси бошчилигида чарм саноати корхоналари учун ишлаб чиқилган кредит линиялари ва янги турдаги банк хизматлари тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбиркорлар билан инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг молиявий жиҳатлари муҳокама қилинди.

2024−2025 йилларга мўлжалланган чарм-поябзал ва мўйна саноатини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари ҳам тасдиқланди. 2024 йилда чарм маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард квадрат дециметрга етказиш чоралари белгиланганди, пойабзал маҳсулотларини — 205 миллион жуфтга, чарм-атторлик маҳсулотларини — 143 миллион донага. 2025 йилга келиб бу кўрсаткичлар ошиши кутилмоқда.

2020 йилнинг апрель ойидан буён уюшма раиси лавозимида Фахриддин Бобоев ишлаб келаётганди. 18 март куни у бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шу куни Фарход Нурмухамедов уюшма раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.