Аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик дунёдаги энг кенг тарқалган ва барча жойда мавжуд инсон ҳуқуқлари бузилишидан бири бўлиб қолмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, деярли ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида камида бир марта яқин шериги томонидан жисмоний ва/ёки жинсий зўравонлик ва нотаниш шахс томонидан жинсий зўравонлик ҳолатларидан бирини ёки иккаласини ҳам бошдан кечиради.

«БМТ-аёллар» ва БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (БМТ НЖБ) томонидан Аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун кураш куни — 25 ноябрда эълон қилинган халқаро ҳисоботга кўра, ҳар куни дунё бўйлаб 140 нафар аёл ва қиз шериги ёки яқин қариндоши томонидан ўлдирилмоқда, бу ҳар 10 дақиқада ўртача 1 нафар аёлга тўғри келади. Бу ҳақда БМТ ахборот хизмати хабар берди.

Ҳисоботга кўра, 2023 йилда 85 минг аёл ва қиз қасддан одам ўлдириш қурбони бўлган. Бундан ташқари, ушбу жиноятларнинг 60 фоизи — 51,1 минг нафари яқин умр йўлдошлари ёки бошқа оила аъзолари томонидан содир этилган.

Халқаро инсон ҳуқуқлари куни нишонланадиган 25 ноябрдан 10 декабргача 2008 йилдан буён бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам «16 кунлик фаол ҳаракатлар» акцияси ўтказиб келинмоқда.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш аёллар ва қизларга нисбатан «зўравонлик эпидемияси»ни «инсоният учун шармандалик» деб атади.

«БМТ-аёллар» ташкилоти раҳбари Сима Бахус аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш мумкинлигини таъкидлади: «Бизга кучли қонунчилик, маълумотлар тўпламини яхшилаш, ҳукуматнинг масъулиятини ошириш, бағрикенглик маданиятини ошириш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ва институтларини кўпайтириш керак».

Мавжуд маълумотлар шуни тасдиқлайдики, ўзларининг яқин шериклари томонидан ўлдирилган аёлларнинг катта қисми (22% дан 37% гача) илгари шериги томонидан жисмоний, жинсий ёки психологик зўравонлик ҳақида хабар берган. Бу шуни кўрсатадики, кўплаб қотилликларнинг олдини олиш мумкин бўлган.

Ўзбекистонда жорий йилнинг 10 ойида оиладаги зўравонлик учун 15,8 минг киши жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилган. Ўтган йили — апрель ойидан бошлаб, оиладаги зўравонликни жиноий жавобгарликка тортувчи тузатишлар кучга кирганидан бери 9,100 дан ортиқ киши судланган.

2023 йил июль ойида президент Шавкат Мирзиёев ўша йилнинг биринчи ярмида мамлакатда қизлар ва аёлларга нисбатан 20 мингга яқин оиладаги зўравонлик ҳолатлари қайд этилгани ҳақида маълум қилган эди.