Yandex Uzbekistan янги Lavka тезкор озиқ-овқат етказиб бериш хизматини ишга туширди. Бу ҳақда «Газета.uz»га компания матбуот хизмати хабар қилди.

Хизмат ёрдамида энди Тошкент шаҳрида 15 дақиқа ичида озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший товарлар ва тайёр овқатларни етказиб бериш хизматига буюртма бериш мумкин. Ҳатто янги қайнатилган қаҳвани ҳам буюртма қилиш имконияти мавжуд, дейилади хабарда.

«Ҳозирда унда 3000 дан ортиқ маҳсулот ва 50 та тайёр иссиқ овқатлардан иборат танлов тақдим этилган. Хизматнинг ўзига хос жиҳатлари — маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари ҳамда буюртма бажарилишининг ҳар бир босқичида сифат назоратини таъминловчи технологиялар билан таъминланганлигида», — дея қайд этди компания.

Янги хизмат Yandex Go иловасини тўлдиради. Буюртмалар Тошкентдаги Нукус ҳамда Арнасой кўчалари ва Чилонзор массивида жойлашган учта даркстор ― кичик омборлар орқали етказиб берилади. Улар ҳар бири дарккитченларга ― етказиб беришдан олдин иссиқ овқатлар тайёрланадиган ошхоналарга эга. Ҳозирда бир неча турдаги хот-доглар, бургерлар ва иссиқ закускалар таклиф қилинмоқда. Lavka хизматидан пончиклар, милкшейклар ва иссиқ қаҳва ҳам сотиб олиш мумкин. 2025 йил охирига қадар Lavka Тошкент шаҳрида яна 12 та даркстор очишни режалаштирмоқда.

Yandex Lavka маҳаллий корхоналар билан ҳамкорлик қилади: «хизматдаги маҳсулотларнинг асосий қисми маҳаллий ишлаб чиқарувчиларники бўлиб, бу кўрсаткич янада ортиб бораверади». Масалан, Lavka’да Essi сут маҳсулотлари ва Rozmetov колбаса маҳсулотларини буюртма қилиш мумкин. Шунингдек, хизматда янги сабзавот ва мевалар ҳам мавжуд.

«Мазкур хизмат янги савдо каналларини тақдим этиш орқали етказиб берувчиларга ўз бизнесларини кенгайтиришга ёрдам беради», — дейилади хабарда.

Курьерлар буюртмаларни пиёда, велосипедда (шу жумладан, электр велосипедларда) ёки автомобилда етказиб беришади. Буюртмани бажариш жараёнида курьерлар бахтсиз ҳодисалардан суғурталанган.

«Шаҳарда Lavka хизматининг ривожланиши омбор ишчилари, ошпазлар ва дарксторларнинг бошқа ходимлари учун янги иш ўринларини яратиш, шунингдек, курьерлар учун даромад топиш имконини беради. Хизматнинг иш бошлаши билан 160 дан ортиқ иш ўринлари пайдо бўлади, 2025 йил охирига қадар янги омборлар очилиши билан яна 500 дан ортиқ иш ўринлари яратилади. Ҳар бир дарксторда дам олиш зонаси ҳам мавжуд», — деди Yandex Uzbekistan раҳбари Иззат Шукуров.

Компания қайд этишича, хизматдан тўсатдан келган меҳмонларни кутиб олиш ёки уйда музлаткични тезда тўлдириш учун фойдаланиш мумкин. Хизмат фойдаланувчининг истакларига мос равишда созланади: ўтган харидлар рўйхати ва шахсий тавсияларни кўриш мумкин.

Yandex Lavka’дан биринчи буюртмага чегирма тақдим этилади, шунингдек, биринчи 3 та буюртма бепул етказиб берилади.