Ўзбекистонда «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда 25 ноябрь куни президентга тақдим қилинган озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, пахта ва ғалла ҳосилдорлигини ошириш бўйича таклифлар тақдимотида сўз борди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган йилги қишда 9 минг гектар боғ ва 4 минг гектар узумзорни совуқ урган. Оқибатда 207 минг тонна ҳосил нобуд бўлган.

Президент аввалроқ бундай об-ҳаво шароитларида деҳқонлар зарарининг олдини олиш бўйича топшириқ берган. Шунга мувофиқ, хорижий мутахассислар билан бирга «Қишлоқ хўжалиги таваккалчиликларини суғурта қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Унинг қабул қилиниши деҳқон ва фермерларнинг иқтисодий ҳимоясини таъминлайди, дейилади хабарда.

Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров қишлоқ хўжалигида юқори хавф туфайли анъанавий суғурта тизими ишламаётганини таъкидлади.

«Жуда кўп хорижий давлатлар қишлоқ хўжалиги суғуртасини алоҳида қонун билан тартибга солади ва у давлат томонидан қўллаб-қувватланади. Шу нуқтаи назардан, янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда биз Испания, Туркия, Озарбайжон, АҚШ, Канада каби мамлакатлар тажрибасини ўргандик», — деди Аҳадбек Ҳайдаров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, қишлоқ хўжалигини суғурталаш бўйича Қишлоқ хўжалиги жамғармасини ташкил этиш, шунингдек, табиий офатлар, зараркунандалар ва бошқа хавфлардан суғурта механизмларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.