Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 26 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни бирданига уч ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди. Йиғилишнинг видеотрансляцияси бир неча соат давомида YouTube’да мавжуд бўлди, шундан сўнг ўчириб ташланди.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон жорий йил 18 апрель куни Душанбе шаҳрида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича битим имзолаганди.
ЎзЛиДеП депутати, Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси Дилором Файзиеванинг айтишича, шартнома «дўстлик, аҳил қўшничилик ва ўзаро ҳурматнинг бузилмас ғоя ва принципларига асосланган икки мамлакат халқларининг кўп асрлик тарихий, маънавий ва маданий муштараклигининг ифодаси» ҳисобланади.
«У давлатлараро эришилган юқори даража ҳамда кенг қамровли икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришда кузатилаётган ижобий динамикадан келиб чиқиб тузилган», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, келишувнинг асосий мақсади «икки давлатнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ҳамда барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлашда шартновий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш»дир. Ҳужжат Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг «иккала биродар давлатларнинг стратегик шериклиги салоҳияти учун ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатларга» мос равишда тўлиқ намоён этилишига хизмат қилади.
Шартнома муқаддима ва 26 моддадан иборат. Унинг асосий қоидалари халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асосида минтақавий низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва давлат чегараларининг дахлсизлигини ҳурмат қилиш, давлат чегараларини белгилаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш, парламент дипломатиясини ривожлантириш ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат.
Ҳужжат, шунингдек, ўзаро манфаатли иқтисодий, инвестициявий ва илмий-техник ҳамкорликни чуқурлаштириш, илмий-ишлаб чиқариш кооперациясини янги босқичга кўтариш, сув ресурсларидан оқилона, адолатли ва ўзаро манфаатли фойдаланиш, сув хўжалиги объектларини қуриш ва эксплуатация қилиш, сув-энергетика соҳасидаги лойиҳалар, халқаро ташкилотлар ва кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш йўналишларида ҳамкорликка қаратилган.
Бундан ташқари, келишув фан, таълим, тиббиёт, спорт, маданият, маданий меросни сақлаш, туризм, ахборот алмашинуви, транспорт, логистика, энергетика, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, замонавий таҳдидлар ва хавфсизлик хуружларига қарши курашиш, уларнинг оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, ҳарбий-техника каби соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.
«Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида иттифоқчиликнинг яратилиши Марказий Осиёда тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун конструктив асос сифатида икки томонлама муносабатларни янада юксалтириб, янги даражага олиб чиқади. Иккала мамлакатнинг сиёсий, савдо-иқтисодий ва хавфсизликни таъминлаш бўйича салоҳиятини бирлаштириши минтақада тинчлик, тотувлик ва барқарорлик муҳитининг мустаҳкамланишига, Марказий Осиёнинг интеграция жараёнининг жадаллашувига хизмат қилади», — деди Дилором Файзиева.
«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров бу иттифоқчилик муносабатлари Тожикистоннинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) доирасидаги мажбуриятларига салбий таъсир қилмайдими, деб сўради.
Ташқи ишлар вазири ўринбосари Илхом Хайдаров саволга жавоб берар экан, бугунги кунда Ўзбекистон икки давлат — Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикаси билан иттифоқчилик шартномалари тузганини эслатди.
«Бу иккала давлат ҳам КХШТ аъзолари бўла туриб бизга ҳеч қандай тўсқинлик ёки бошқа нарса яратаётгани йўқ. Ҳозир айтиб ўтилганидек, бу иттифоқчилик кўп қиррани ўзига қамраб олади, шу жумладан, хавфсизлик масалаларини ҳам. Лекин, ишонтириб айтса бўлади, бунда бизнинг ўзимизнинг миллий манфаатларимизга тегадиган механизм ёки услубларни кўраётганимиз йўқ», — деди у.
Қонун йиғилишда иштирок этган барча 145 депутат томонидан маъқулланди.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг ташкил этилиши 1992 йил 15 майда Тошкентда Арманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон раҳбарлари Коллектив хавфсизлик шартномасини имзолаган пайтдан бошланади. Кейинчалик унга Озарбайжон, Беларусь ва Грузия қўшилган (1993 йил). Шартнома 1994 йил 20 апрелда миллий ратификация тартиб-қоидалари тугагандан сўнг кучга кирган.
1999 йилда Озарбайжон, Грузия ва Ўзбекистон шартномани узайтиришдан бош тортган. Ўзбекистон 2006 йилда минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида КХШТга қайта қўшилган. Бироқ 2012 йилда мамлакат КХШТ сиёсатига ёндашувлардаги, айниқса, ҳарбий амалиётларда жамоавий иштирок этиш билан боғлиқ фарқлар сабаб яна аъзоликни тўхтатган.