Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Тошкент шаҳридаги жамоат транспорти тизимида йўлкира ҳақини тўлашда электрон тўлов тизимидан фойдаланишни рағбатлантирувчи тарифларни жорий этиш тўғрисида» Тошкент шаҳри ҳокимининг қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қарор билан 2025 йил 1 январдан Тошкент шаҳрининг жамоат транспорти йўналишларида (автобус ва метрополитен) қатновларни амалга ошириш учун йўлкира ҳақининг қуйидаги чекланган тарифлари белгиланмоқда:

  • бир йўловчи қатнови учун чекланган тариф — 3000 сўм. Бунда, бир йўловчи қатнови учун 1 (бир) марталик тўловни электрон тўлов тизими орқали амалга оширилганда рағбатлантирувчи чегирма қўлланилган ҳолда — 1 700 (бир минг етти юз) сўм ундирилади;
  • бир йўловчининг багажини ташиш бўйича хизмат учун — 4000 сўм;
  • қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган тариф режаларини ҳисоблаш учун чекланган тариф — 1600 сўм.

Қатновлар сонига боғлиқ ҳолда белгиланган транспорт карталарининг ва транспорт карталаридан фойдаланилган ҳолда бир соат ичида бир йўналишли йўловчи транспортидан бошқасига ўтиш сонидан келиб чиққан ҳолда имтиёзли ва бепул тариф режаларининг нархлари ўзгаришсиз қолдирилади.

Яъни йўл ҳақи учун нақд тўлов 2000 сўмдан 3000 сўмгача оширилади. Нақдсиз тўловда нарх ўзгармай, 1700 сўм бўлиб қолади.

«Бундан кўзланган мақсад — йўл ҳақи тўловида шаффофликни таъминлаш, ҳайдовчининг нақд пул қабул қилишдаги вақтини, оралиқ бекатларда йўловчиларнинг автобусга чиқиш ва тушиш вақтини тежаш ҳамда ҳаракат хавфсизлигини оширишдир. Зеро ҳайдовчи нақд пул орқали тўловни қабул қилиш учун сарфлайдиган вақти қанча кам бўлса, автобус шунча тезроқ йўналишида ҳаракатини давом эттиради. Шунингдек, энг асосий ва муҳим мақсад эса — ҳайдовчининг молиявий боғлиқлигини камайтирган ҳолда бор эътиборини хавфсиз бошқарувга йўналтиришдан иборат», — дейилади «Тошшахартрансхизмат» хабарида.

Имтиёзли ва бепул тарифлар. Фото: «Тошшаҳартрансхизмат».Имтиёзли ва бепул тарифлар. Фото: «Тошшаҳартрансхизмат».

Шунингдек, ҳоким қарори лойиҳасида Тошкент шаҳри йўналишларидаги барча автобуслар салонида йўл ҳақини нақд пулда олиш амалиётидан воз кечилади ва йўлкира ҳақини фақат электрон тарзда қабул қилиш амалиёти жорий этилиши келтирилган. «Тошшахартрансхизмат» «Газета.uz»га аниқлик киритишича, бекатларда нақд пулга QR-чипта сотиб олиш имконини яратиш режалаштирилган.

Айни пайтда шаҳар жамоат транспортида бир нечта нақд пулсиз тўлов усуллари мавжуд:

  • АТТО транспорт ва виртуал карталари;
  • ATTO мобил иловаси билан NFC орқали;
  • QR-коддан фойдаланган ҳолда Click, UzumPay, MyUzcard, Alif иловалари;
  • Uzcard, Humo, MasterCard, Visa, UnionPay контактсиз банк карталари орқали.

Тошкент шаҳрида жамоат транспорти йўлкира нархи охирги марта 2023 йил 1 ноябрда ошганди.