Декабрь ойида ҳаво ҳарорати тунги вақтларда барқарор ноль даражага яқин бўлиши, шимолдан тўсатдан совуқ ҳаво массаларининг чуқур кириб келиши билан энергетика тармоқлари яхшигина имтиҳондан ўтади. Шунингдек, ҳавода нисбий намликнинг мавсумий ошиши ортидан вирус ва бактерияларнинг фаоллашуви, турли ҳаво оқимлари тез ўрин алмашиши, атмосфера босимининг қисқа вақт ичида кескин ўзгаришининг оқибатлари соғлиқни сақлаш тизимига ҳам катта юклама бўлиб тушади (йил давомида энг кўп аҳоли айнан декабрда вафот этиши ҳам бежиз эмас).
Хўш, 2024 йилнинг декабрида об-ҳаво қандай бўлади? Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов «Газета.uz» учун декабрь об-ҳавоси бўйича шарҳ тайёрлади.
Ўзбекистонга қишда совуқ ҳавонинг кириб келиши кескин камайган
Ўзбекистонга йил давомида 15 га яқин синоптик жараёнлар турли кетма-кетликда таъсир этади. Ҳозирда циклоник (нам ҳаво оқимлари) жараёнлардан тортиб антициклоник (қуруқ, совуқ оқим) жараёнларгача, совуқ ва илиқ ҳавони минтақага олиб кирувчи жараёнлардан тортиб маҳаллий об-ҳаво шароитларигача барчаси устида тадқиқотлар олиб бориляпти. Масалан, қиш ойларида минтақа иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган совуқ ҳаво оқимларининг шимол ва шимоли-ғарбдан кириб келиши билан боғлиқ синоптик турларга мос равишда 5-, 6- ва 7-сонлар берилиб, илмий муомалада уларни шу рақам асосида номлаш қабул қилинган. Айнан шу каби жараёнларни ўрганмай туриб, турли мавсум, хусусан, қиш ойлари учун қисқа, ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини тайёрлаш имконсиз.
Иқлимшунослар минтақага кириб келган ҳар бир ҳаво оқими физикаси, унинг «табиати»ни синчковлик билан ўрганиб, уларнинг турли даврларда такрорланиш ва давомийлиги юзасидан турли статистик таҳлилларни азалдан юритиб келади. Гидрометеорология илмий-тадқиқот институтининг Иқлимшунослик ва иқлим ўзгариши бўлими тадқиқотларига кўра, сўнгги 30 йилликда минтақага қиш ойларида совуқ ҳаво оқимларининг кириб келишида уларнинг такрорланувчанлиги ва давомийлигида ХХ асрнинг иккинчи ярмидаги 30 йилликка нисбатан тенг икки баробарга камайиб кетиш тамойили қайд этилган.
Шунинг учун ҳам сўнгги йиллардаги қишларда ерда узоқ муддат қоладиган қор ва тарновларда «осилиб» турадиган сумалак (яхмалак)ларни кам кўряпмиз. Ёғаётган қор ҳам жуда тез эриб кетяпти. Масалан, Фарғона водийси вилоятларининг асосий текислик ҳудудларида яшовчи аҳоли учун қишда қор ёғиши том маънода ноёб ҳодисага айланиб боряпти.
Умуман олганда, глобал иқлим ўзгариши, унинг фонида исиш тамойили кузатилаётган айни бир шароитида бутун дунёда вазият шундай.
Ла-Нинья ва Эль-Ниньо жараёнларининг таъсири
Аввалги материалда Тинч океанида шаклланувчи сув ҳароратининг исиши ва совиши билан боғлиқ Эль-Ниньо («Болакай») ва Ла-Нинья («Қизалоқ») ҳодисаларини кузатиш асосида мавсумий об-ҳаво прогнозларини нисбатан юқори аниқликда тайёрлаш мумкинлиги таъкидланган эди. Бу муқобил (аналог) усул ҳисобланиб, айнан шу йирик феномен бўйича ҳодисаларнинг ўтмишдаги ўхшашларини топиб, ўша йилги маълумотлар асосида келаётган мавсум прогнозини тайёрлаш ҳам жуда кўп ҳолларда яхши натижа беради. 2024 йилнинг асосий қисми Эль-Ниньонинг фаол таъсирида ўтганини инобатга олиб, ўтмишда шу каби ҳодиса кузатилган даврларда қишки ҳаво ҳарорати меъёрдан қанчалик четланганини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.
Эль-Ниньо ва Ла-Нинья ҳодисаларини кузатиш 1950 йиллардан бошланган. Унга кўра, Эль-Ниньо кузатилаётган вақтда сувнинг фаол барқарор қизиб бориши одатда йилнинг ўрталаридан бошланиб, келгуси йилнинг ёзига қадар давом этади. Ҳозиргача 7 та энг фаол Эль-Ниньо дунё иқлимига сезиларли таъсир кўрсатган. Улар 1958/1959, 1965/1966, 1972/1973, 1997/1998, 2009/2010, 2015/2016 ва 2023/2024 йилларда кузатилган. Айнан шу йилларда Тинч океани марказидаги сув ҳарорати ҳаддан ташқари «қизиб» кетган.
Ҳозир Тинч океани марказида сув ҳароратининг пасайиши, яъни Ла-Нинья феноменига ўтиш жараёни юз бермоқда. Октябрда океандаги сув ҳарорати меъёрга нисбатан бироз пасайди — бу пассив Ла-Нинья «табиати»га хос. Умуман, жорий мавсум Ла-Ниньянинг фаоллашуви, қайсидир маънода, одатдагидан «кечикмоқда».
Қуйидаги графикда энг фаол сўнгги етти Эль-Ниньо даврларида Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг иқлимий меъёрдан четланишлари ойлар кесимида кўрсатилган — бунда кўк рангли катакчалар ҳарорат иқлимий меъёрдан пастроқ, қизғиш катакчалар эса ҳарорат иқлимий меъёрдан юқори бўлган ойларни билдиради. Маълумотлар Ўзбекистоннинг текисликларда жойлашган тўртта (Нукус, Самарқанд, Термиз, Тошкент) ва тоғли ҳудуддаги битта (Чимён) кузатув станцияларидан олинган ва ўртачалаштирилган.
Фаол Эль-Ниньо сўниб, пассив Ла-Нинья шаклланган декабрларда Ўзбекистонда — 1959 ва 1966 йилги декабрларни ҳисобга олмаса — одатда иқлимий меъёр даражасида ва ундан бироз юқори ҳарорат кузатилган. Бундан келиб чиқиб, 2024 йил декабрида ҳам ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан юқори бўлишини тахмин қилиш мумкин. Шундай бўлса-да, глобал масштабда биз билан бир хил минтақаларда илиқроқ қиш кутилмалари эълон қилинаётганига қарамай, ҳарорат бирдан пасайиб кетишига ҳам тайёр туриш лозим.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, ҳозир бу усул ўрнини чуқур математик ҳисоб-китобларга таянган, суперкомпьютер маҳсули ҳисобланган турли замонавий иқлим моделлари тўлдириб келяпти. Айнан шу иқлим моделлари мавсумий прогнозларни тузишда энг мақбули бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда декабрда кутилаётган об-ҳаво прогнози
Ўзбекистонда об-ҳаво қандай бўлиши яқин хориж мамлакатлари иқлимига боғлиқ. Хусусан, «Росгидромет» декабрь ойида Россиянинг марказий текислик ҳудудларида ой давомида ҳарорат сезиларли даражада юқори илиқ, фақат Россиянинг шарқи ва Кавказ ҳудудларида ой совуқ бўлишини прогноз қилган.
Россиялик синоптиклар Ўзбекистон учун ҳам ойлик ҳароратнинг ойлик нормага нисбатан четланишларини ҳисоблаб чиққан бўлиб, Ўзбекистонда декабрда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёр даражасида ва ундан бироз юқори бўлиши тахмин қилинган.
Шуни таъкидлаш керакки, Россиянинг Гидрометеорология маркази томонидан аналог усул асосида ҳисобланган йилнинг совуқ даври учун ҳарорат режими прогнозларининг рўёбга чиқиши даражаси сўнгги 15 йил ичида 63 фоиздан 81 фоизгача ўзгариб турган.
«Қазгидромет»нинг маслаҳатомуз прогнозига кўра, декабрда Қозоғистоннинг аксарият ҳудудларига циклоник фаоллик тез-тез таъсир қилиши кутилмоқда — бу одатда қор ёғиши, бўрон ва кучли шамол билан бирга кечади. Мамлакатнинг Ўзбекистон билан чегарадош жанубий ярмида ёмғир ва қор шаклида ёғингарчиликлар бўлиши кутиляпти.
Кристалл (музли) ҳодисалар ва туманлар кўпинча мамлакатнинг ғарби ва жанубида кузатилади. Совуқ оқимларнинг шимоли-ғарб ва шимолдан кириб келиши мамлакатда ҳаво ҳароратининг сезиларли даражада пасайишига олиб келиши истисно қилинмайди.
Умуман, Қозоғистонда декабрда ҳаво ҳарорати «ҳарорат карусели» каби — бир исиб кетиб, бир совиб кетиб, тез-тез ўзгариб туради. Мамлакатнинг шимолида ойнинг биринчи ярмида ҳаво ҳарорати кечалари −23…−18 дан −12…−7 даражагача, кундузи −4…+1 дан +8… +13 гача ўзгариши кутиляпти. Декабрнинг иккинчи ярмида ҳаво ҳарорати кечалари −37…−25 гача пасайиб кетиши, ойнинг учинчи ўн кунлигида совуқлар аста ортга чекиниши прогноз қилинган.
Умуман, қозоқ синоптиклари рус ҳамкасбларидан фарқли тарзда Қозоғистонда ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёр атрофида, ёғингарчилик режими ҳам меъёр даражасида ва фақат айрим ҳудудлардагина қуруқроқ бўлишини тахмин қилган.
«Қирғизгидромет» хизмати томонидан Қирғизистонда декабрда ойлик ҳарорат иқлимий меъёр атрофида бўлиши тахмин қилинган. Қирғизистоннинг Фарғона водийсидаги Ўзбекистон вилоятлари билан чегарадош ҳудудларида эса ўртача ҳарорат ой давомида +0…+1 даража илиқ бўлиши маълум қилинган.
Қирғизистонда декабрда ёғингарчилик режими ҳам иқлимий меъёр атрофида бўлиши, Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда ой давомида умумий 3 миллиметрдан 78 миллиметргача ёғингарчилик кузатилиши прогноз қилинган.
Ўзбекистонда декабрь ойида об-ҳаво қандай бўлади?
Ўзбекистонда декабрь сўнгги йилларда бироз илиқ келяпти. Сўнгги 5−8 йилликдаги декабрларда жуда кам қор ёққани ҳам бунга бир далил. 2024 йил декабрида ҳам мамлакатда эҳтимолий ойлик ҳарорат меъёр даражасида ва ундан бироз юқори бўлишини тахмин қилиш мумкин. Россия, Қозоғистон, Қирғизистон синоптиклари ҳам Ўзбекистонда йил охирида кўп йиллик белгиланган меъёр ёки ундан бироз юқорироқ ҳарорат — «илиқроқ» декабрь кузатилишини тахмин қилган.
Қолаверса, Эль-Ниньо ва Ла-Нинья ҳодисаларини кузатиш усули ҳам декабрь илиқроқ келиши ҳақида хулоса чиқаришга ундайди. Аммо Қозоғистонда ойнинг биринчи ярмида эҳтимолий совуқ антициклон марказининг ўтиши ва мамлакатнинг айрим минтақаларида ҳаво ҳарорати -37 даражагача совиб кетиши ҳам инобатга олинадиган бўлса, реалликда ҳаммаси бошқача бўлиши ҳам мумкин.
«Ўзгидромет» декабрь ойида кутилаётган об-ҳаво прогнозини ҳали эълон қилганича йўқ. Шундай экан, ҳозирча Ўзбекистонда декабрда кутилаётган об-ҳаво прогнозини ҳаво ҳарорати неча даражагача ўзгариб кетади, деб эмас, балки ойлик ҳарорат ва ёғиннинг иқлимий меъёрдан четланишларини илмий нуқтаи назардан шарҳлаш мумкин.
Иқлим ва об-ҳаво маълумотларини таҳлил ва прогноз қилишда дунёда етакчилардан бири саналган Европа ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогноз маркази (ECMWF)нинг иқлим модели узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини тузишда энг ишонарлилардан бири ҳисобланади. Унинг ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларига кўра, Ўзбекистонда 2024 йил декабрида ҳаво ҳарорати меъёр атрофида бўлади, ёғингарчилик борасида эса бироз намгарчилик кузатилади. Аммо бу бутун декабрь мана шундай маромда ўтади, дегани эмас.
Ҳарорат режими. Ойнинг биринчи ярмида Ўзбекистоннинг шимолидан бошқа ҳудудларда шу давр учун хос меъёрий қийматга нисбатан бироз совуқроқ ҳарорат кузатилиши мумкин. Айниқса, ойнинг биринчи ўн кунлигида Ўзбекистон бўйлаб бироз паст ҳарорат кузатилиши ойдинлашяпти. Айнан шу даврда кўплаб ҳудудларда аҳоли қор ёғишига гувоҳ бўлиши мумкин. Ойнинг иккинчи ярмидан жойларда ҳарорат барқарор кўтарилиб, ойнинг учинчи ўн кунлигида иқлимий меъёр кўрсаткичдан юқори қийматларга ўтиш кутилади. Ойнинг учинчи ўн кунлигида тоғларда (айниқса, Ҳисор тоғ тизмаларида) мавсум учун хос бўлмаган иссиқлик аномалиялари кузатилиши ҳам мумкин.
Ёғингарчилик режими. Ойнинг биринчи ярмида Қозоғистон марказидан ўтиши кутилаётган антициклоннинг жанубий қисми Ўзбекистонга кетма-кет нам ҳаво оқимларини тақдим этиб, ойнинг биринчи ўн кунлигида республиканинг Қизилқум чўли ва марказий вилоятларидан бошқа жойларига кўпроқ ёғин улашиши мумкин. Иккинчи ўн кунликда, Орол денгизи атрофини ҳисобга олмаса, минтақага меъёрий ёғингарчилик тушиши тахмин қилинган. Ушбу декадада Жиззах вилоятида бироз камроқ ёғингарчиликлар кузатилиши, учинчи декадада эса — ҳароратнинг бироз юқори бўлиши билан ҳамоҳанг тарзда — ҳудудларда меъёрдан бироз кўпроқ ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Ой сўнгида Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида ҳамда Устюрт платосида бироз камроқ ёғин тушиши кутилмалари бор.
Шундай қилиб, келаётган декабрь Ўзбекистоннинг аксарият қисмида ҳаво ҳарорати иқлимий меъёр даражасида ва айрим ҳудудларда илиқроқ бўлиши, ёғингарчилик бўйича эса шу ой учун белгиланган нормада ёғин тушишини тахмин қилиш мумкин.
Тақдим этилаётган маълумотлар, хусусан, ижро ҳокимият органлари томонидан табиий фавқулодда вазиятлар хавфини баҳолаш, энергетика, соғлиқни сақлаш, транспорт ва қишлоқ хўжалиги тармоқлари ишларни пухта режалаштириб олиш учун фойдаланишга ҳам қаратилган.
Маълумот учун, 2024−2025 йиллардаги совуқ даврда эҳтимолий об-ҳаво прогнози «Ўзгидромет» томонидан ойлик, декадалик ва қисқа муддатли об-ҳаво прогнозлари билан тузатилади.
Такрор бўлса-да, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, узоқ муддатли, хусусан ойлик об-ҳаво прогнозларининг ўзини оқлаш даражаси анча паст ҳисобланади. Куз-қиш мавсумида ҳар бир ой учун 80 фоиздан юқори аниқликда прогноз бера оладиган усуллар ҳозирча мавжуд эмас.