Қорақалпоғистондаги Қуйи Амударё давлат биосфера резерватида 3 бош Бухоро буғуси овлангани аниқланди, деб хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Ўрганиш давомида битта эркак ва иккита урғочи буғулар ов милтиғи билан ўлдирилгани маълум бўлди. Резерватнинг захира ерларидан 2 та ов милтиғи ўқ дорисининг пластик бўлаклари, қонга ўхшаш қизил доғлар ва ов милтиғи топилди. Ов милтиғи ашёвий далил сифатида олинди.
Ўзбекистон Қизил китобига киритилган Бухоро буғулари ўлдирилиши оқибатида ҳайвонот дунёсига жами 3 млрд 375 млн сўмлик моддий зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан фуқаро М.К. Жиноят кодексининг 202-моддаси (Ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш) 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, қўлга олинди. Ҳозирда Беруний тумани ИИБ тергов бўлинмаси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, терговолди текширув ишлари олиб борилмоқда.