Ижтимоий тармоқларда «Сурхондарёда 2008 йилда туғилган қизнинг 2 нафар фарзанди бор» сарлавҳаси остида видео тарқалди. Болалар омбудсмани ҳолатни ўрганди.
Аниқланишича, 2024 йилнинг 21 ноябрь куни блогерлик билан шуғулланувчи А.Ш. (эркак), Ж.Н. (2003 йилда туғилган эркак) ва С.Р. (2005 йилда туғилган қиз) ўзаро келишган ҳолда С.Р. ва Ж.Н. гўёки ўзларини 15 ва 17 ёшдаги вояга етмаган ота-она деб кўрсатиб видеороликда иштирок этишган, А.Ш. эса видео давомида эрта никоҳ ҳолатини ижобий шарҳлаб, ҳақиқатга зид вазият акс этган мазкур видеони ўз Instagram саҳифасига жойлаган.
Болалар омбудсмани сўровига кўра, эрта никоҳни тарғиб қилиш мазмунидаги ҳолат бўйича блогер А.Ш.нинг хатти-ҳаракатларига баҳо бериш мақсадида иш ҳужжатлари туман ИИБ томонидан 25 ноябрь куни ЖИБ Термиз шаҳар судига юборилган.
Суд томонидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, А.Ш. га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202−2 моддаси 1-қисми (Ёлғон ахборот тарқатиш) билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан БҲМнинг 4 баробари миқдорида (1,5 млн сўм) жарима жазоси тайинланди.
Ж.Н. ва А.Ш. лар эса бундай номақбул ҳаракатларга йўл қўймаслик бўйича огоҳлантирилди.
Маълумот учун Ўзбекистонда 2019 йилдан бошлаб, эркаклар ва аёллар учун ягона никоҳ ёши 18 ёш этиб белгиланган.
«Бу борада Болалар омбудсмани позицияси — никоҳ ёшида бўлмаган, яъни вояга етмаган шахс билан никоҳни тарғиб қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни тақиқловчи махсус қонун нормалари жорий этилиши зарур! Бола манфаатларига зид бундай ҳолатларга жамиятимизда мутлақо ўрин йўқ, уларга батамом барҳам бериш керак», — дейилади болалар омбудсмани хабарида.