Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов Қонунчилик палатаси мажлисида Тошкентдаги ҳоспис бўйича ишлар қандай кетаётгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Йиғилишда депутат Ирина Токарева 2024 йил 21 февралда имзоланган президент фармонида 2024 йил якунигача эҳтиёждан келиб чиқиб, вилоятлар марказлари, шунингдек, Тошкент ва Нукус шаҳарларида камида биттадан оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи хоспислар ташкил этилиши белгиланганини эслатди.
«Билишимча, 2024 йил учун давлат бюджети муҳокамаларида Тошкент ва Хоразмда ҳоспислар қуриш масаласи кўтарилган эди. Бу масалада президент топшириғи ижроси ҳозир қандай ҳолатда экани ва 2024 йилда нима ишлар бажарилганини аниқлаштирмоқчи эдим», — деди у.
Саволга дастлаб соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Даврон Султанов жавоб берди.
«Тошкент шаҳридаги вилоятлар ва шаҳарлараро ҳоспис ҳали фойдаланишга топширилмади. Шунга қарамай „Зангиота-2“ клиник шифохонасида 20 ўринлик ҳоспис бўлинма фаолият юритмоқда. Хоразмда эса ҳоспис бўлинма онкологик диспансер ҳузурида фаолият юритмоқда. Худо хоҳласа, 2025 йилда Қибрай туманида жойлашган Тошкент шаҳри ҳосписида қурилиш ишлари якунига етади ва биз у ерга онкологик ҳамда паллиатив ёрдамга муҳтож бўлган онкологик касалликка чалинмаган беморларни ҳам жойлаштиришимиз мумкин бўлади», — деди у.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов эса ҳосписни молиялаштириш бўйича ишлар ҳолатига тўхталиб ўтди. Унга кўра, унинг асосий маблағ манбаи Тошкент шаҳрининг маҳаллий бюджети ҳисобланади.
«Унинг умумий қиймати 34 млрд сўм. Шу жумладан, жорий йилда 16 млрд 800 млн сўм маблағ ажратилган. Ҳозирги кунда молиялаштириш ишлари 90,5 фоизга бажарилган. 2025 йилнинг февраль ойида ушбу муассаса фаолиятини бошлаш кўзда тутилмоқда», — деди у.
Эслатиб ўтамиз, ҳоспис ва паллиатив ёрдамни ташкил этиш президентнинг 2017 йилда қабул қилинган Ўзбекистонда онкология хизматини ривожлантириш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган. Дастлаб Тошкентда катталар учун ҳоспис очилиши 2019 йилга мўлжалланган эди, бироқ ўшандан бери бу ҳар йили қолдириб келинмоқда.
2023 йил 10 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш қўмитаси аъзолари Мавлуда Ибрагимова ва Шуҳрат Абдухалилов «Таскин» болалар ҳосписи ҳамда янги қурилаётган катталар ҳосписи қурилиш майдончасида бўлганди. Депутат Мавлуда Ибрагимова «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда нашр томонидан 8 ноябрда эълон қилинган «Қуруқ ўлим. Ўзбекистонда саратонга чалинган беморлар қандай вафот этмоқда ва нима учун давлат уларнинг ҳаётини қўллаб-қувватлашга мажбур?» сарлавҳали мақола (мақола рус тилида — таҳр.) ушбу объектларга ташриф буюришга асос бўлганини таъкидлаганди.
2023 йил 24 ноябрь куни эса парламентнинг мазкур қўмитаси Тошкент шаҳрида катталар учун мўлжалланган ҳоспис қурилишини муҳокама қилиш учун учрашув ўтказганди. Таскин болалар ҳосписи раҳбари, онколог Рустам Нарбаевнинг сўзларига кўра, ўша йиғилишда онлайн иштирок этган Тошкент шаҳри ҳокимлиги молия бошқармаси вакили 2023 йилда пойтахтда ҳоспис қуриш учун бор-йўғи 3 млрд сўм ажратиш имконияти борлигини айтган.
«У пул тугаб қолганини ва бошқа пул йўқлигини айтди. Қандай қилиб шунча фестиваль, концерт, тадбирлар ўтказа туриб, пул йўқ деб айта оласизлар, деб сўрадим. Ҳар куни мен ҳоспис ёрдамига муҳтож бўлган саратонга чалинган катталарни болалар ҳосписига қабул қила олмаганим учун рад қиламан. Ўша куни кечки пайт билсам, ҳар ойда „Бувилар мактаби“, „Оталар чойхонаси“ йиғилишларини ўтказиш учун Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан салкам 12 миллиард сўм ажратилган. Орадан бир неча кун ўтиб кенгаш томонидан гул кўчатлари харид қилиш учун 5 миллиард сўм ажратилди. Аммо шаҳарда саратон билан оғриган беморларнинг ҳаётини муносиб якунлаш учун пул йўқлиги айтилади», — деганди ўшанда Рустам Нарбаев.