Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг билан учрашди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, учрашувда вазир элчига раввин Зви Коганнинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.

«Ўзбекистон халқи барча дин ва элат вакилларига азалдан дўстона муносабатда бўлиб келган. Биз миллатчиликнинг ҳеч қандай кўринишига тоқат қилмаганмиз ва бундан кейин ҳам тоқат қилмаймиз. Терроризм ва экстремизмнинг чегараси ва миллати йўқ», — дея қайд этди Бахтиёр Саидов.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон ҳукумати тергов жараёнларида БАА ва Исроил идоралари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 28 ёшли раввин Зви Коган 21 ноябрь куни Дубайда бедарак йўқолган, марҳум у ерда Коган кошер маҳсулотлари дўкони эгаси бўлган. Кейинчалик у Уммон билан чегарадош Ал-Айн шаҳрида ўлик ҳолда топилган.

Исроил ҳукумати раввиннинг ўлдирилишини «аксилсемит теракт» деб атаган. Исроил махсус хизматлари Коганни Эрон томонидан ёлланган «уч нафар ўзбек агенти» ўлдирганини маълум қилган. Бироқ Эроннинг БААдаги элчихонаси Эроннинг раввиннинг ўлдирилишига алоқадорлиги ҳақидаги айбловларни қатъиян рад этган.

БАА Ички ишлар вазирлиги исроиллик раввинни ўлдиришда гумон қилиниб, БААда ҳибсга олинган уч нафар гумонланувчи Ўзбекистон фуқаролари эканини маълум қилганди. Улардан иккитаси 28 ёшда, учинчиси 33 ёшда.

Ўзбекистоннинг Дубай шаҳридаги бош консуллиги элчихонаси мазкур масала юзасидан ойдинлик киритиш мақсадида тегишли ишлар олиб борилаётганини хабар қилган.