Россия армияси Украина жануби-шарқидаги фронт чизиғидан 30 километр узоқликда жойлашган Запорожье шаҳрига ҳужум қилишга ҳозирлик кўрмоқда, деб ёзди Economist Украина разведкаси маълумотларига таяниб.

Сўнгги икки ой ичида Россия Запорожьени ракеталар ва бошқариладиган бомбалар билан доимий ўққа тутмоқда ва шаҳардаги 1500 та уйни вайрон қилди. Олдинги чизиқ ҳам жонланди, дейилади материалда.

Ҳужум қачон бошланиши номаълум. Разведка мулозими 130 мингга яқин рус аскари иштирок этиши мумкинлигини даъво қилмоқда.

Запорожье мамлакатда қолган оғир саноатнинг учта марказидан бири бўлиб, Украинанинг давлат сифатида сақланиб қолиши учун муҳим аҳамиятга эга, дея қайд этади нашр.

Шаҳарнинг босиб олиниши Россия президенти Владимир Путин учун ҳам муҳим. 2022 йил сентябрида у бутун Запорожье вилояти аннексиясини эълон қилганди, аммо ўшанда Россия армияси ҳудуднинг атиги учдан бир қисмини назорат қиларди, дея эслади Economist.

Украина ҳарбий хизматчиларининг ҳаммаси ҳам Россия Запорожьега ҳужум қилишга тайёр, деб ҳисобламайди. Украина Қуролли кучлари (УҚК) полковниги Алексей Хильченконинг нашрга айтишича, шаҳарга ҳужумнинг биринчи босқичида РФ иккита дивизиядан (20−30 минг аскар) фойдаланишни режалаштирганди, аммо уларнинг ярмини Украина ҳужумини қайтариш учун Курск вилоятига йўналтиришга тўғри келган.

Украина ҳукумати эса таваккал қилмасликни маъқул кўрмоқда ва Запорожье атрофида мудофаа чизиғини қурмоқда, деб ёзди Economist. Бу мина майдонлари, муҳандислик тўсиқлари ҳамда бетон ва темирдан ясалган иншоотларни ўз ичига олади.