Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани тоғларида 45 метр баландликда осма кўприк қурилмоқда. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, бу президентнинг туризм соҳасини ривожлантириш бўйича берган топшириғи доирасида бажарилмоқда.
Кўприкнинг узунлиги 300 метр. Унинг қурилиши тез орада якунланиб, фойдаланишга топширилиши кутилмоқда, дейилади хабарда.
Кўприк туристик масканлардан бирига тегишли бўлиб, «Орзу» деб номланади, ундан бир вақтнинг ўзида жами 40 нафар саёҳатчи фойдаланиши мумкин.
Вилоят ҳокимлиги Хўжаободда бу каби янги ташаббусларни амалга ошириш ҳаракатлари давом этишини маълум қилди.