Президент 21 ноябрь куни қонун ҳужжатларига ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришларни имзолади. Ҳужжат кучга кирди.

Ҳужжат муқаддимасида тақиқланганига қарамай, электр токи, портловчи моддалар, кимёвий моддалар ва биологик воситалар каби усуллардан фойдаланган ҳолда овчилик ва балиқчилик қилиш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани қайд этилган.

Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жавобгарликни кучайтиришга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда. «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги ҳамда «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонунлар ов қуроли, жумладан, балиқ овлаш қуроли билан боғлиқ ҳуқуқий бўшлиқлар бартараф этилмоқда.

Ўз ҳудудида биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантирганлик, пайҳон қилганлик ёки йўқ қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик, шунингдек, унинг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчилик бузилишларини бартараф этишга доир кўрсатмаларини бажармаганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Жиноят ва маъмурий кодексларга ўзгартиришлар

Жиноят кодексига электр токи, портловчи, кимёвий моддалар ёки биологик воситалардан фойдаланган ҳолда ов қилиш ёки балиқ овлаш БҲМнинг 400 дан 600 бараваригача жарима муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, деган ўзгартириш киритилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди: биноларни, иншоотларни ёки бошқа объектларни қуриш, реконструкция қилиш чоғида белгиланган талабларни бузиб, кимёвий, биологик воситаларни қўллаган ҳолда дарахтларни, буталарни ёки бошқа ўсимликларни қасддан шикастлантириш, пайҳон қилиш ёки йўқ қилиш фуқароларга БҲМнинг 35 бараваридан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 60 бараваридан 75 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Бундай ҳуқуқбузарликни бир йил давомида такрор содир этганлик, шунингдек, дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш, илдизи билан суғориш, шикастлаш, нобуд қилиш ёки қайта экиш учун фуқароларга БҲМнинг 50 дан 75 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 75 дан 100 бараваригача жарима солинади ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси берилади.

Жиноят аломатлари бўлмаганда ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини бузиш фуқароларга БҲМнинг 20 дан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 30 дан 40 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида содир этилганлиги учун фуқароларга БҲМнинг 30 дан 40 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 40 дан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга, икки марта маъмурий жазо қўллангандан кейин эса фуқароларга 40 дан 50 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 50 дан 70 бараваргача миқдорда жарима солишга ёки 3 йилгача ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Тегишли рухсати бўлмай туриб ёки тақиқланган жойларда ёхуд тақиқланган муддатларда, тақиқланган қуроллардан ёки усуллардан фойдаланган ҳолда ов қилиш ёхуд балиқ овлаш (бундан электр токини, портловчи, кимёвий моддаларни ёки биологик препаратларни қўллаш ҳоллари мустасно) фуқароларга БҲМнинг 50 дан 70 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 70 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишга ёхуд шу ҳуқуқбузарликларни содир этиш қуроли ва ашёларини мусодара қилиб, уч йилгача муддатга ов қилиш ҳуқуқидан маҳрум этишга сабаб бўлади.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг ишига тўсқинлик қилиш, шу жумладан, текширишига қаршилик қилиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳудудлари ва тузилмаларини текширишга рухсат беришни рад этиш, шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этишга оид кўрсатмаларини бажармаслик фуқароларга БҲМнинг 5 дан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 20 дан 30 бараваригача (илгари мос равишда 1 дан 3 гача ҳамда 3 дан 5 гача баравар миқдорида эди) жарима солишга сабаб бўлади. Бир йил давомида такрор содир этилган ҳуқуқбузарлик учун — фуқароларга 10 дан 15 гача, мансабдор шахслар учун — 30 дан 40 гача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.

Ўзгартиришлар электр токи, портловчи ва кимёвий моддалар ҳамда биологик препаратлар каби тақиқланган воситалар ёки усуллардан фойдаланган ҳолда ноқонуний ов қилиш ҳолатларининг олдини олишга, дарахтлар ва буталарни йўқ қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни бартараф этишга, давлат инспекторларининг фармойишлари ва давлат экологик назорати институти фаолияти самарадорлигини ошириш, шунингдек, қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда.