1917 йил 27 ноябрь оқшомида Марказий Осиё минтақасидаги илк демократик давлат тузилмаси — Туркистон мухторияти ташкил топгани эълон қилинган эди. Ўшанда минглаб туркистонликлар «ихтиёри ўзида бўлган» ҳукумат ташкил этилганини қўллаб-қувватлаш мақсадида намойишларга чиққан. Аммо, маҳаллий аҳолининг хоҳиш-иродаси билан тузилган қонуний мухторият бор-йўғи 72 кун яшаган — у 1918 йил 22 февралида большевиклар томонидан қуролли йўл билан тугатилган.
Сўнгги йилларда Туркистон мухторияти мавзусига бағишланган бир қатор янги китоблар чоп этилди. «Газета.uz» тарихий сана муносабати билан уларнинг айримларидан парчалар келтиради.
Қаҳрамон Ражабов. «Туркистон мухторияти тарихи» (тўлдирилган ва қайта ишланган иккинчи нашр). «Фан» нашриёти. 2023 йил. 255 саҳифа (pdf)
Тарихчи Қаҳрамон Ражабовнинг ушбу монографиясида Туркистон мухторияти тарихи масалалари: минтақа тараққийпарварларининг мухториятчилик харакати, 1917 йилда ташкил топган миллий сиёсий жамият ва ташкилотлар («Шўрои Исломия», «Уламо» жамияти, «Турон», Турк Адам Марказият Федералистлар фирқаси ва бошқалар) ҳамда Туркистон мухторияти ҳукумати фаолияти, мухторият вазирлари ҳамда Миллий мажлис аъзоларининг ҳаёти ва тақдири ёритилган.
Қуйида китобнинг Туркистон мухторияти ҳукумати фаолияти, Туркистон мухторияти ҳукуматининг совет ҳокимияти томонидан тор-мор этилиши ҳамда Қўқондаги қирғинларга бағишланган қисмларидан парчалар келтирилади.
Мухторият хукуматига Туркистон жамоатчилигининг муносабати
ХХ аср Туркистон халқларининг энг буюк ойдини, миллат тараққийпарварлари сардори Абдурауф Фитрат ўзининг Самарқандда чиқадиган «Ҳуррият» газетасида 1917 йил 5 декабрда эълон қилинган «Мухторият» номли мақоласида халқимиз учун мухториятчилик ҳаракати ва Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тарихий ўрнини, мухторият учун кураш ва уни сақлаб қолиш кераклигини қуйидагича кўрсатади:
«Туркистон мухторияти… Темур хоқонининг чин болалари ёнинда, Туркистоннинг тубчак турклари орасинда, мундан ўғурли [ҳайбатли, буюк], мундан муқаддас, мундан суюнчли бир сўзни борлиғига ишонмайман.
Туркистон туркининг қонини қайнатғучи, имонини юксалтгучи бир қувват бор эса, ёлғуз шу сўзда бордир: Туркистон мухторияти.
50 йилдан бери эзилдик, таҳқир этилдик, қўлимиз боғланди, тилимиз кесилди, оғзимиз қопланди, еримиз босилди, молимиз таланди, шарафимиз юмурулди, номусимиз ғасб қияинди, ҳуқуқимизға тажовузлар бўлди, инсонлигимиз оёқлар остига олинди, тўзимли турдик, сабр этдик.
Кучга таянган ҳар буйруғга бўйинсундик, бутун борлиғимизни қўлдан бердик. Ёлғиз бир фикрни бермадик, яшрун турдик, эмгакларимизға ўраб сақладик: Туркистон мухторияти!
Маҳкама эшикларидан йиғлаб қайтғанда, ёруқсиз турмаларда ётғанда, йиртғучи жандармнинг тепгуси билан йиқилғанда, юртларимиз ёндурулғанда, диндошларимиз осилғанда онгимиз йўқолди, миямиз бузилди, кўзимиз ёғдусиз қолди, бирор нарсани кўролмадик. Шул чоғда, тушкун руҳимизни кўтармак учун шул қоп-қоронғу дунёнинг узоқ бир еринда ойдин бир юлдуз ялқиллаб тура (р) эди. Бирор нарсага ўтмаган кўзимиз шуни кўрар эди. Ул нима эди? Туркистон мухторияти!
Биз аниқ била (р) эдикким, золим Николай ҳукумати қанча яшарса яшасун, адолат ошиқи бўлған… рус демократияси, ҳақға таянган бир инқилоб, ҳар миллатнинг ўз ҳақларини қайтарур.
Инқилоб бўлди. Русиянинг «қўшма халқ жумҳурияти» усули билан идора этилури жарланди. Шул эълон узра ясалган Украина, татар ва бошқа миллатлар мухториятлари тасдиқ этилди. Қўнуқ Туркистонники эди. Туркистоннинг тарихий хонбалиқлариндан иккинчиси бўлған Хўқанд шаҳринда тўпланған Туркистон қурултойи 27 нўябрнинг «миллий лайлатурқадримиз бўлған» ярим кечасинда Туркистон мухториятини эълон қилди".
Фитрат мухторият ҳукуматини туркистонликлар миллати ҳимоя қилиши ва сақлаши кераклигини таъкидлаб, ўзининг эҳтирос ва ўта пафосга тўла мақоласини қуйидагича тугатади:
«Лекин шуниси борким, бир миллатнинг мухторияти ёлғуз бир съезднинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдир. Съезд ўз ишини қилди. Қолғанлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим. Мухториятни бажармоқ учун ақча керақдир. Буларни миллат ҳозир қилсун».
***
Туркистон ўлкасининг турли шаҳар ва қишлоқларида мухториятни олқишлаб, кўп минг кишилик намойишлар бўлиб ўтди, хусусан, 1917 йил 1 декабрда Наманган уездида 100 мингга яқин киши қатнашган катта намойиш бўлди. Ўша даврда чиққан газеталарнинг ёзишича, намойиш қатнашчиларининг байроқларида «Яшасин Мухториятли Туркистон ва унинг ҳукумати!» деб ёзилган сўзлар хилпираб турарди.
Самарқандда бўлиб ўтган вилоят Советларининг съездида йиғилганлар Туркистон Мухториятига қўшилишга қарор қилдилар ва Миллат Мажлиси таркибига 5 нафар вакил сайладилар.
«Улуғ Туркистон» газетасининг ёзишича, 1917 йил 6 декабрда Тошкентдаги Жомеъ масжидида 60 минг киши иштирок этган митинг ўтказилди. Газета хабарларига кўра, «масжиднинг ички саҳни одамлар билан лиқ тўлган эди». Намойиш Саидғани Махдум раислигида ўтди. Мунавварқори ва Шерали Лапин унинг муовинлари бўлди. Мунавварқори ташаббуси ва раҳбарлигида уюштирилган бу митинг қатнашчилари Мухториятли Туркистон ҳукуматини бир овоздан маъқулладилар ва Туркистонда энди ушбу Муваққат ҳукуматдан бошқа ҳеч қандай ҳокимиятни тан олмасликка қарор қилганларикларини эълон қилдилар. Сўнгра намойиш қатнашчилари «Аллоҳу акбар» дея ҳайқириб, Миллат Мажлисига содиқ қолишга қасамёд қилдилар.
Намойишда сўзга чиққан Мунавварқори, Миён Бузрук, Мулла Одил, Шерали Лапин ва бошқалар большевиклар ва совет ҳокимиятига бўлган муносабатларини очиқ билдиришди. Газетанинг ёзишича, Туркистон ўлка Халқ Комиссарлари Совети, яъни янги ўрнатилган совет ҳокимиятининг Тошкент шаҳар думасини тарқатиб юбориш ҳақидаги буйруғини бугунги кунда мутлақо мумкин бўлмаган ҳодиса деб баҳолади. Бу ҳолат манбада қуйидагича киноя билан қайд этилади:
«300 000 киши номидан демократик йўл билан тўрт босқичли сайлов ҳақидаги қонунга мувофиқ сайланган Тошкент шаҳар Думаси аъзолари ўрнига 700−800 солдат ва ишчилар томонидан Александров боғида сайланган 4−5 комиссар билан алмаштирилган, холос».
Намойиш якунида бир овоздан қуйидаги қарор қабул қилинади:
«Биз — мусулмонлар синф ва даража айирмаларига қарамай, Туркистон Мухториятини олқишлаган ҳолда, Қўқондаги фавқулодда қурултой тарафидан эълон қилинган Туркистонда халқ ҳукуматини вужудга келтириш ҳақидаги қарорга бутун вужудимиз билан қўшилиб, ишонамизки, буюк Россия инқилоби тарафидан эълон этилган ҳокимият ҳақидаги тамойиллар асосида Россия бирлашган демократияси Туркистон халқи тарафидан бир оғиздан баён этилган тилагига қўшилур ҳамда барча истиқлол йўлида қадам босишда ва ўз кунимизни ўзимиз кўра бошлашда ёрдам этар.
Шунга имон этган ҳолда, биз ўлкадаги ҳамма мусулмонларни Мухториятли Туркистон ҳукумати атрофида жипслашиб, ҳозирги ўлка идораси бошида бўлиб турган муваққат ташкилотлар билан қандай бўлмасин душманларча муомала қилувдан сақланишга даъват этамиз.
Туркистон Мухторияти амалий суратда тезроқ вужудга келиши учун тинчлик ва тотувликни сақлашимиз керак. Тоинки, шунинг орқасинда ўзаро сўғиш бўлмасин ва бугундан эътиборан ҳур бўлган Туркистоннинг бир тўғон каби халқларимиз орасида гуноҳсиз қон тўкилмасин.
Яшасин Мухториятли Туркистон!".
Туркистон халқларининг Мухторият учун олиб борган курашида 1917 йил 13 декабрда Тошкентда бўлиб ўтган фожиали воқеалар муҳим ўрин тутади. Сана Расулуллоҳ Муҳаммад (с.а.в.)нинг мавлуди шариф кунига тўғри келган. Мухториятли Туркистон ҳукумати муқаддас мавлуд куни — 13 декабрни «Туркистон Мухториятининг миллий жамғармасига пул йиғиш куни» деб эълон қилди ҳамда бу маблағ мустақиллик ва озодликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдиради.
Байрам арафасида Тошкент Эски шаҳар аҳолисидан Тошкент Совети (Тошсовет)га митинг ва намойишлар ўтказиш учун ариза тушади. Тошсовет қарорига кўра, митинг ва намойишни Тошкентнинг Эски шаҳар қисмида ўтказилиши маъқулланиб, уни Янги шаҳар (город)да ўтказиш таъқиқланди. Бу намойишга большевикларга мухолифатда бўлган бошқа сиёсий куч — Тошкент шаҳар Думаси ҳам катта тайёргарлик кўраётган эди.
Шаҳар Думаси 9 декабрда намойиш муносабати билан эски шаҳарликларга мурожаат билан чиққан. Унда бўлғуси намойиш тинч ва осойишталик билан ўтиши кераклиги, қора гуруҳлар шаҳар аҳолиси, айниқса, солдатлар орасида бу намойиш гўёки русларга қарши деган маънода туҳмат гаплар тарқатиб улгургани айтилиб, халққа шундай мурожаат қилинади:
«Фуқаролар! Ҳушёр бўлинг! Халқ душманлари тарафидан уюштирилган иғволарга ишонмангиз. Қора кучлар руслар билан мусулмонларни талашдирурға тилайдилар. Намойиш фақат тотувлик узрина ясалажак. Шунга кўра, Сиз, фуқаролар, рабочий, солдат, рус ва мусулмонлар бу намойишни табрик ила қарши олингиз. Чунки ҳақиқий демократлар ҳаммаси бир киши туфайли мухторият ва халқларнинг ўз турмушларини ўзлари белгилаш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қарши чиқмаслиги керак».
13 декабрь эрта тонгда Эски шаҳар байрам қиёфасида бўлган. Ҳар тарафдан кўча ва тор кўчалардан Шайхонтоҳур масжиди томон гуруҳ-гуруҳ одамлар оқиб кела бошлади. Соат 12 ларда кўп минг кишилик йиғин тўпланди. Ҳукмрон партияларнинг раҳбарлари ва совет комиссарлари митингга қўшилади.
Бу пайтда Тошкентнинг руслар яшайдиган «город» қисми ҳам гавжум бўлган. Эрта тонг билан бу ердан ҳам жуда катта гуруҳ «Туркистон ўлкасига мухторият!» шиори ёзилган байроқ билан кела бошлади. Бу Тошкентнинг янги шаҳар қисмидаги рус демократик жамоатчилигининг вакиллари эди. Улар Шайхонтоҳур масжиди томон юриб, мусулмонларни табрикламоқчи бўлган. Ҳарбийлар уларни ва яна икки-уч минг кишилик оломонни Эски шаҳарга ўтказиб юборади.
Бу ҳолат ва кейинги воқеалар тўғрисида «Улуғ Туркистон» газетасида шундай ёзилади:
«Намойишга мусулмонлардан ташқари руслар, яҳудийлар, арманилар, шунингдек, большевиклардан бошқа турли ижтимоий-сиёсий ташкилотларнинг вакиллари ҳам чиқишди. Тўпланганларнинг боши узра юзга яқин қизил-мовий ва яшил байроқлар хилпирарди. Намойишни Мунавварқори очди. У йиғилганларни муборак кун билан табриклади. Руслар орасида намойиш вакиллигига доктор Шортс сайланди. Тошпўлатбек Норбўтабеков ва Садриддин Махдум [Садриддинхон Шарифхўжа] котибликка сайланди. Бу ерга йиғилган муллалар Қуръони каримдан суралар ўқишди. Намойишда турли ташкилотлар ва уюшмалар вакиллари нутқ сўзлади. Улар маърузаларида ўзларини халқ комиссарлари деб атаган большевикларнинг хатти-ҳаракатларидан норозиликларини билдиришди».
Айни шу пайтда тўпланганлар орасида большевиклар томонидан махсус ёлланган ғаламис ва иғвогарлар чиқиб, йиғилганларни қамоқхонага бориб, собиқ муваққат ҳукуматнинг Тошкентдаги ҳарбий комиссари Григорий Доррер ва ҳибсдаги бошқа кишиларни озод қилиш, сўнгра ҳокимиятни қўлга олишга чақира бошлашди.
Бу чақириқдан кейин юзлаб намойишчилар Ўрда (ҳозирги Анҳор) кўпригидан ўтиб, Москва кўчаси бўйлаб янги шаҳар томон йўл олган. Улар шаҳарга киргач, намойишчилар ўртасида тартибсизликлар бошланган. Бир гуруҳ кишилар шаҳар соқчилари бошлиғи Гудовични гаров учун қўлга олган ҳамда қамоқхона томон юрган. Улар Тошкент қамоқхонаси (Тоштурма)дан граф Доррер ва Бех-Ивановни озод этган. Сўнгра бу намойишчилар Кауфман боғига йўл олади. Худди шу ерда большевикларнинг буйруғи билан солдатлар намойишчиларни ўққа тутган. Эски шаҳарлик 16 киши ушбу тўқнашув қурбони бўлган. Доррер ва Бех-Иванов эса большевиклар томонидан қўлга олиниб, отиб ташланган.
Тошкентдаги 13 декабрь фожиаси минтақада кучли акс-садо берди. Бу ҳодиса большевиклар ва совет ҳокимиятининг ҳақиқий башарасини очиб ташлади. Келгинди ва шовинист рус комиссарлари томонидан ўрнатилган янги режим орадан 40 кун ўтар-ўтмас тинч намойиш ўтказаётган туркистонликларни милтиқ ва пулемётлардан ўққа тутиб, аёвсиз қириб ташлади. Бироқ ҳозиргача бу машъум ҳодисага — ҳолбуки ўшанда совет режими ва большевик комиссарлари Туркистондаги туб аҳолини илк марта қирғин қилган эди — на ҳуқуқий ва на сиёсий баҳо берилди. Ҳуррият учун кўчага чиққан ва қурбон бўлган эски шаҳарлик ўзбеклар номи ва хотираси ҳам абадийлаштирилмади…
Большевиклар ва совет ҳокимияти амалга оширган бу қонли хунрезликни кескин қоралаб чиққан Туркистон Мухторияти ҳукумати 15 декабрда бу воқеалар юзасидан ўлканинг барча аҳолисига махсус мурожаатнома билан чиқади:
«Биз Халқ Мажлиси ва Туркистон Мухторияти Муваққат ҳукуматининг аъзолари чин юракдан таассуф билдирамиз ва туркистонлик мусулмонларнинг эзгу ҳис-туйғуларини ҳақоратловчи бу воқеаларга қарши чиқамиз. Ана шу муносабат билан бизлар мамлакатда тартиб ва осойишталик ўрнатилиши учун зарур чоралар кўриш йўлида барча кучларимизни ишга соламиз. Ҳозирча эса Туркистон халқидан собитлик ва хотиржамлик кўрсатишларини сўраймиз. Бу энг оғир кунларда мусулмонларнинг тинчликни сақлаб қолишлари ниҳоятда зарурдир».
Совет ҳокимияти ва большевиклар эса бу қонли воқеалардан бошқача хулоса чиқарди. Улар Қўқонда фаолият кўрсатаётган Туркистон Мухторияти ҳукуматини кенг жамоатчилик кўз ўнгида обрўсизлантириш ва қоралаш учун барча воситаларни ишга солди. Большевиклар пропагандаси томонидан ўша пайтлардаёқ бу ҳукумат таҳқирли равишда «Кокандская автономия» деб номланди. Гўёки у помешчиклар ва буржуазия ҳукумати бўлган эмиш, гўёки мухториятчилар 50 йил муддатга Туркистон устидан Англия давлати ҳукмронлигини тан оладиган махфий шартнома имзолаган эмиш ва ҳоказо. Тошкент совет ҳокимияти раҳбарлари мухторият ҳукуматини қуролли куч билан ағдариб ташлаш учун барча воситаларни зудлик билан тайёрлашга киришди. Улар Марказдан ҳарбий ва моддий ёрдам сўраб, Петрограддаги совет ҳукуматига телеграф орқали мурожаат қилди.
Бироқ минтақада Туркистон Мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлаш, большевиклар ва совет режимининг бундай тазйиқларга қарамай, давом этаверди.
Туркистон Мухториятига муносабат масаласи 1917 йил 26−30 декабрда (янги ҳисоб билан 1918 йил 8−12 январда) Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган мусулмонларнинг ерли ишчи, аскар ва деҳқон депутатлари 1 фавқулодда қурултойининг диққат марказида бўлди.
Қурултой очилишини Туркистон ўлка Ҳарбий шўроси раҳбари, этник татар Ориф Шокирович Кливлеев қутлади. Матбуотда ёзилишича, Муваққат Миллат Мажлиси номидан Ислом Шоаҳмедов, Қўқон шаҳар Думаси раиси ўринбосари Обиджон Маҳмудов ва бошқалар ҳам қурултойни табриклаган. Фақат большевиклар партиясининг вакили, ўлка Меҳнат халқ комиссари П.Полторацкий қурултойда дағдағали оҳангда сўзлаб, ўзбек халқи тарихидаги илк демократик ҳукуматни «бойлар мухторияти» деб туҳмат қилган.
Полторацкий: «Биз камбағаллар мухториятига қарши эмасмиз», деб мунофиқлик ҳам қилади. Қурултой вакилларининг кўпчилиги эса Полторацкийнинг бундай иғво ва алдовларига учмади. Хусусан, Мустафо Чўқай буни қуйидагича қайд этади: «Полторацкийнинг сўзларига ҳеч ким қулоқ солмади, чунки Туркистонда совет ҳокимияти мустаҳкам асосга эга эмасди».
30 декабрда Туркистон Мухторияти ҳукуматини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Советига ишончсизлик билдириш тўғрисида қабул қилинган махсус қарор қурултой қатнашчилари сиёсий онгининг етуклик даражасидан нишона эди. Мазкур ҳужжатда қуйидаги фикр алоҳида таъкидланади:
«1) Туркистон ўлкаси Халқ Комиссарлари Совети барча аҳоли, айниқса, мусулмонлар хоҳиш-истакларининг ифодачиси эмаслиги;
2) Туркистон ўлкаси халқлари иродаси иккита қурултойда мухторият эълон қилинганда ифодаланганлиги;
3) Туркистон ягона ҳукумат органи бутун мусулмонларнинг қурултойида ташкил топган ва мусулмон ишчи, аскар ва деҳқонларининг қурултойида тўлдирилган Туркистон Мухторияти ҳукумати эканлигини эътиборга олиб,
Мусулмон ишчи, деҳқон ва аскарлар қурултойи Туркистон Халқ Комиссарлари Советига ҳокимиятни дарҳол Туркистон Мухторияти ҳукумати ва Миллат Мажлисига топширсин деб истак билдиради, чунки ушбу қурултой Мухтор Туркистондаги барча демократик қатламлардан ташкил топиб бутун йўқсиллар ўй-фикрларининг ифодачисидир…".
Муслимбек Алижонов. «Туркистон ҳуррият йўлида». «Маҳалла ва оила» нашриёти. 2024 йил. 254 саҳифа (pdf)
Большевикларнинг зулми ва истибдоди натижасида ватанини тарк этишга мажбур бўлган туркистонлик зиёлилар томонидан 1929−1939 йилларда Франция пойтахти Парижда нашр этилган «Ёш Туркистон» журнали ҳам, шубҳасиз, жадидчилик ҳаракатининг ҳосиласи эди. Ушбу китобга ана шу «Ёш Туркистон» журналида чоп этилган ватан, миллат тақдирига бевосита дахлдор бўлган энг долзарб мақолалар, араб алифбосига асосланган эски ўзбек ёзувидан жорий ўзбек алифбосига табдил этилган ҳолда киритилган.
Қуйида китобдан Мустафо Чўқайнинг «Ёш Туркистон»да чоп қилинган «Большевиклар «тарих»ни қандай ёзадилар?», «Мухториятдан истиқлолға» ва «Декабрь хотиралари» қисмларидан парча ҳавола қилинади.
Большевиклар «тарих»ни қандай ёзадилар?
Тошкентда чиқадирғон русча «Ўрта Осиёда инқилоб» мажмуасининг биринчи ва иккинчи сонларида Алексенков исмли бирисининг Қўқон Мухторияти тўғрисида узунгина бир мақоласи босилғон. Бу мақолада Қўқон Мухторияти даврида бўлиб ўтган воқеалар ҳақидаги маълумотдан ҳам кўра ўйлаб топилғон ёлғонларға кўпроқ аҳамият берилган.
Мен томонимдан нашр этилишға тайёрланаётғон рисолада, бизнинг миллий курашимизнинг бу даври ҳақида асл воқеа ёзилғони каби, бу совет «тарихчи»сининг ўйлаб чиқарғон бутун ёлғонлари ҳам муфассал сувратда айтиладир. Эндиликда ёлғиз унинг жуда ҳам қўпол бўлиб кетган бир ёлғонни танқид этиб кетишни лозим топаман.
Большевиклар «тарихчи»си Алексенковнинг Қўқон ҳукумати аъзолари қилиб санағон саккиз кишининг беши ўзи ўйлаб топғон исмлардир. Бу ўйлаб топилғон исмлар қуйидагилардир:
- Потеляхов,
- Миралой Чанишев (полковник),
- Зигел,
- Вадяев,
- Юсуф Давидов.
Бу исмлари келтирилган кишиларнинг ҳеч бири ҳукумат ҳайъатига кирган эмас эди. Ёлғиз Зигелгина шахсан меним тарафимдан, ҳукумат номидан чиқарилмоқчи бўлғон қисқа муддатли қарз тўғрисида хусусий бир кенгашга чақирилғон эди. Бошқаларнинг эса ҳукумат билан ҳеч бир алоқаси бўлмағон, ҳатто ҳукумат биносига бир дафъа бўлсун қадам босмағонлар.
Бу ерда Чанишев (полковник) деб аталғон шахс ҳақида қуйидагиларни ёзиб ўтишни лозим топаман. Тошкентда Маҳди Чанишев исмли Зироат министрлигининг бир маъмури яшар эди. Кейинчалик у Қўқонға борди. Бу Чанишевнинг большевикларга яқинлиғи ҳақида ҳукуматнинг қўлида маълумот бўлғонидан, мен бу кишини ҳукумат биносига киритмаслик тўғрисида буйруқ бердим. У шундан сўнг Қўқондан Тошкентга қайтиб кетишга мажбур бўлғон эди…
Қўқоннинг совет рус аскарлари тарафидан тор-мор этилган кунларда Маҳди Чанишев Қўқонда кўриниб қолғон эди. Сўнгра у Эргаш билан келишди. Бу Чанишев янги Марғилон (ҳозирги Фарғона шаҳри)да отиб ўлдирилган эди. Чанишев исмли (полковник) ва ё бошқа бир зобит бизда бўлмағон.
Большевиклар «Туркистондаги инқилоб ҳаракати тарихи»ни мана бу усулда ёзадирлар. Туркистонда яшаётғон, собиқ Қўқон Мухторияти ҳукумати аъзолари Алексенков мақоласини албатта ўқуғонлар, бироқ улар ёлғончи большевиклар «тарихчи»сининг ўйлаб чиқарғон ёлғонларини рад этарлик бир ҳолда эмаслар.
Мустафо Чўқай,
«Ёш Туркистон» журнали 1930 йил 3−4- (февраль) сонлари
Мухториятдан истиқлолға
Бизнинг ёшгина миллий ҳаракатимиз тарихида, вақти келган сайин эслаб кетишлик керак бўлғон бир қанча муҳим кунлар бордир. Мана бундай тарихий кунларнинг бириси 1917 йил 10 декабрдир. Бу куни Қўқон шаҳрида тўпланғон IV Туркистон фавқулодда ўлка қурултойи, Туркистон Мухториятини эълон қилган эди. Биз бу ҳаракатни бугунги миллий қуртулиш ҳаракатимизнинг биринчи пояси ва бу йўлда жасорат билан ташланғон бир одим деб биламиз.
Оғир тажрибалар билан тўла ўн уч йиллиқ даҳшатли ҳаёт даврини кечиргандан сўнг, энди у замоннинг янглишлиқларини кўриш ва сўйлаш осондир. Ўн уч йил бурун биз миллий ҳаракатимизнинг проғромини бажарар эканмиз, Мухторият билан кифоялансак, тўғри бўлур деб ўйлаган эдик.
У замон Русия асоратинда бўлғон леҳ ва финлардан бошқа бутун миллатлар Русия инқилоби ва рус демократиясининг инсоф ва ҳаққониятига чиндан ҳам ишонар эдилар. Леҳ ва финлардан бошқа ҳеч бир халқ миллий қуртулишни дарҳол юзага чиқаришни ўйлай олмағон эди. Ҳатто анчағина замон ўтгандан сўнг, 1918 йили Кафказия Сейми Озарбайжон, Арманистон ва Гуржистон истиқлолини эълон этаркан у истиқлолға бошида вақтинчалик бир ҳодиса каби қарағон эди. Улар Русияда демократик федератив Жумҳурият идораси қурулса Кафказиянинг ҳам бу федератсиюн оиласининг бир аъзоси бўлишини ўйлаганлар эди.
Шу рус инқилоби ва рус демократиясига инонишлиқ ўз вақтида биз туркистонликларда ҳам бор эди. Шу таъсир остида биз миллий талабимизни ишга оширишни Мухторият билангина талаб этган эдик.
«Эски румоликлар замон ўзгарадир. Унингла баробар биз ҳам ўзгарамиз», деярлар эди.
«Замон ўзгарди». Бизнинг рус инқилобига бўлғон ишонч ва умидимиз тўғри чиқмади.
Рус инқилобчи демократияси ёлғиз бу инқилобни йўқотиш билангина қолмади. У бизга ўз миллий ҳаққимиз масаласини унингла дўстлиқ ва инсоф принциплари атрофида муноқаша этарок ҳал эта олиш ҳақиндаги қаноатимизнинг янглиш эканлигини очиқ кўрсатди.
Бунга рус инқилобчи демократиясининг энг олдиндаги шахсиятларидан бири, февраль инқилоби ошиғи ва Русия вақтли ҳукуматининг бошлиғи бўлғон Керенский жонли бир мисолдир. Курд Осиёнинг мудофааси учун бутун дунёси ёрдамга чақириб бақиришдан оғзи кўпириб чарчамағон Керенский, халқимизнинг рус большевикларидан кўраётган зулмини тирноқ остига олибгина қаради.
«Замон» бошқа бир тарафдан ҳам «ўзгарди». Бизнинг халқ сиёсий томондан ҳам ўсди. У ўзини сиёсий балоғатга эришган деб ҳис этадир. У энди миллий манфаатининг ёлғиз ўзига тегишли миқдорнинггина ўз қўлида бўлиши тўғри эканлигини яхши билади. Миллий истиқлол бизни бутун дунёдан айириб, ўраб оладирғон Хитой девори бўлмағони каби у кимнингдир ҳақига қарши қилинган суиқасд ҳам эмасдир. Миллий истиқлол, билакс, золимларнинг зулмидан, қароқчиларнинг талашидан юрт ва халқимизни сақлаш ҳаракати демакдир.
Инқилобчи рус демократияси намоёндаси Керенскийнинг инонмоқ истамасдан тирноқ остидан кир қидирган ҳолда ёзадирғон ва тарихда мисли кўрилмаган рус пролетариятининг эзишини, Туркистон халқи шу йилгача кечирган ва қурбон этилган миллионларча туркистонликларнинг қони билан суғорилғон темир чанбар деб биладир. Миллий истиқлол ҳаракати шу бўғувчини — темир чанбарни узиб ташлаш курашидан иборатдир.
Мухторият бизнинг кечмишимизга оид тарихий бир ҳодисадир. Биз уни эслаймиз, фақат энди ўзини истамаймиз. Унга қайтиш йўқдир!
Ҳар бир вояга етган одам ўз кечмишини, болалиқ даврини эсласа ҳам у болалиқға қайтишни истамайдир. Шунга ўхшаш биз ҳам миллий-сиёсий ҳаётимизнинг болалиқ даври бўлғон Туркистон Мухториятини ёлғиз тарихий бир ҳодиса дебгина эслаймиз.
Мустафо Чўқай,
«Ёш Туркистон» журнали, 1930 йил 13- (декабрь) сони
Декабрь хотиралари
Декабрь ойи биз туркистонликлар учун хотирали бир ойдир. 1917 йилнинг 10 декабрида (эски тақвим билан 27 ноябрда) Туркистон Мухторияти эълон этилган эди. 1929 йилнинг декабрида эса биз «Ёш Туркистон»имизни тарқата бошладик.
Мухторият, бу — бизнинг кечмишимиз, бизнинг ҳозирлиқсиз давримизнинг ва рус инқилобиға, рус инқилобчи демократиясига ишонганимизнинг тамғасидир. «Ёш Туркистон» эса — бизнинг келажагимиз, Туркистоннинг қуртулиши ва истиқлоли учун юрутиб турғон курашимизнинг байроғидир. «Кураш байроғи» — бу даҳа ғалаба эмас, балки ғалабага чақирувдир.
Биз бу ерда бултур совет диктатурасига 14 йил тўлиши муносабати ила ёзганларимизни қайтариб ўтамиз: «Бизни на юксак товуш билан сўйланган сўзлар, нада мажмуа мақолалари қутқара оладир. Биз учун ҳар нарсадан аввал миллий бирлигимизни сақлаш, уни кучайтириш ва миллий шуурни қувватлантириш керак».
Биз, ҳозирги умумий, сиёсий шароит ичида бола хархашасига ўхшайдирғон ва фақат «номсиз мажмуа» каби аввалдан ёпилишға маҳкум мажмуалардагина ёзилиши мумкин бўлғон «Ғарбий Туркиядан Ёқутистонга қадар бирлашган турк миллати» қурмоқ тилагига берилиб ўтирмаймиз. Бизнинг чун, эндиги янги сиёсий шароит ичида, яқиндағина бўлиб ўтган икки ҳақиқат, етарликдир: Умумий турк миллий-маданий қайноғи бирлигининг тасбити (Анқара турк тарихи конференци) ва эндиги Туркия Жумҳурияти маориф вакили ҳурматли доктор Рашид Ғолиббекнинг (Истанбулда босилғон бир газета, Самарқанда ўқилиб англашиладир) дея Истанбул турк тили конференциясининг маъно ва аҳамиятини белгилаган баёнотидир. Тарихий даврнинг ҳозирги фаслида бизнинг Онадўлилик туғонларимиздан тилагимиз, мана шу икки муҳим истиқоматда давомли ва теран бир сувратда иш кўрмакдир.
Бизнинг сиёсий ва миллий қуртулишимиз, ҳар нарсадан аввал бизнинг ўз ишимиздир. Бу юксак ғоямизга бизнинг каби ўз миллий озодлиги учун умумий душманға қарши курашувчиларнинг энг маҳкам сувратда бирлашмаклари ила тезроқ эришажакмиз. Билҳосса бутун турк кучларининг — татар, бошқирд, қримлик, озарбайжон ва туркистонликларнинг — ўзаро жипс сувратда бирлашмаклари лозимлигини айтиб ўтмак ва ривожлантирмак керак.
Уларнинг орасида ҳеч бир ихтилоф бўлмаслиғи керак. «Ёш Туркистон» бор кучи билан бу ғояға хизмат қилиб келди, унга даъват этди ва толмасдан янада хизмат этажакдир…
Мухторият эълони бутун Туркистонда сиёсий руҳнинг кўтарилишига сабаб бўлди. Мухторият ҳукуматининг пойтахти бўлғон Қўқондан сўнг Тошкентда ҳам катта бир ҳаяжон ҳукм сурмакда эди. Мухторият эълон этилар-этилмас дарҳол Тошкентда бу ҳодисани байрам этишга ҳозирлана бошладилар.
Турклар ва руслар баробарликда ҳозирландилар. Тошкент шаҳар аминлиги (Шаҳар думаси) ҳозирлиқнинг маркази эди. Шаҳар ичида намойиш прўғроми тузилган эди. У замоннинг расмий маълумотномаларини кўздан кечирсангиз умумхалқ байрамининг қандай тус олганини кўражаксиз. Байрам куни — 13 (26) декабрь Тошкент теварагидан шаҳарга ўн мингдан ортиқ отлиқ йигитлар келган эди. Бутун шаҳар байроқлар ва «Яшасун Туркистон Мухторияти!», «Яшасун Туркистон Мажлиси муассони!», «Яшасун Туркистон Мухторияти ҳукумати!» шиорлари ёзилғон катта плакатлар билан безалган эди. Байрам ташкилотчиси туркий халқнинг жони, юраги — номус ва руҳий эрклик тимсоли бизнинг Мунавварқори эди. Тошкент большевиклари бу байрамдан ҳақиқатдан ҳам қўрқғонлар ва шунинг учун ҳам ўз бошлиқлари — Совнарком раиси Колесов ва унинг ўринбосари Успенский номидан бу байрамға қатнашмоқ ва Туркистон Мухториятини табрик этмак истаганларини билдирган эди.
Тонг чоғидан бошлаб шаҳарда намойишлар бошланди. Шаҳарнинг турли қисмларида нотиқлар учун минбарлар қурулғон эди. Нутқлар сўзланди. Миллий қуртулиш йўлида биринчи босқич бўлғон Мухториятнинг маъноси англатилди. Большевиклар ҳам сўз сўйладилар ва булар ҳам Туркистон таъсис мажлисини тан олишга тайёр эканликларини билдирдилар. Туркистонликларнинг сиёсий умумий афв этмак ва қамоқға олинғонларни озод этмоқ ҳақидаги талабларга совет ҳукумати вакиллари розиликла жавоб бердилар ва большевик шаҳар қўмондони Гудувич шахсан ўзи Тошкент қамоқхонасининг эшигини очиб ичидаги барча сиёсий маҳбусларни озодлиққа чиқариб юборди…
Кун бутунлай тинч ўтди. Ҳеч бир англашилмовчилиқ бўлмади. Ҳар ерда ўрнак бўлурлиқ интизом бор эди. Кечқурун намойишчилар тарқалишни бошлади. Бир тўп одамлар эски шаҳарга қайтмоқда эдилар. Булар билан биргаликда эндигина қамоқдан қутқарилғон бир неча одам ва буларнинг ичида бурунғи Муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси аъзоси Ғароф Дурар ҳам бор эди. Намойишчилар Ўрдадаги тор кўприкнинг устидан эндигина эски шаҳарга кирмоқчи эдилар. Бирдан ўқ отилди. Ўқсочар 182 чақиллади. Бу ўқларни большевиклар томонидан махсус қўйиб қўйилғон совет аскарлари отаётган эди (Таъкид муаллифники). Қуролсиз халқ ичида даҳшатли бир қарам-қаршилик туғилди, яраланғонларнинг фарёди… милтиқ ва пулемётлардан ўқ отилиш давом этмакда… Тор бир кўприкка қисилиб қолғон қуролсиз одамлар тўдаси бир-бирини босиб эзадир…Юзларча инсон каналга ўзини ташлайдир. Бир қанчаси сувда чўкадир…
Инсонлар тўдаси тарқаладир. Отишлар тўхтайдир. Воқеа жойида ўнларча турк шаҳиди қонға бўяниб ётадир, юзларча яраланғон ва ўнларча сувда буғилғон турк намойишчилари қоладир.
Рус большевиклари Туркистон Мухториятини бизнингла баробар мана шундай «байрам» қилганлар. 13 (26) — ила 14 (27) — декабрь орасидағи бутун кеча бўйлаб шаҳарда русларнинг милтиқ отишлари давом этди. Бу, большевикларнинг Мухторият байрамида қатнашғон руслар билан ҳисоб-китоблари эди.
Тошкент большевикларининг қўмондони Гудувич кейинчалик бу воқеага изоҳ бераркан, намойишчиларнинг қамоқхона эшигини очмоқға куч билан мажбурлаганларини сўйламиш… Бироқ, на Колесов, нада Успенский ҳеч бир замон ўзларининг Мухторият байрамиға қатнашувға, Мухториятни табрик этувга ва унинг мудофааси учун ҳароратли нутқлар сўйлашга куч билан мажбур этилганларини сўйламадилар…
1917 йил 13 (26) — декабрь — рус большевикларининг бизнинг халқимизға қарши хиёнат этган кундир. Улар шуни ўнларча қардошларимизни хоинона бир сувратда ўлдирмишлардир. Бу кундан эътиборан биз билан рус большевиклари орасида очиқдан очиқ қонли кураш бошланмишдир.
Большевикларнинг хоинлиғи қурбонларининг қони ўч (интиқом) истайдир. У қардошларимизнинг хотирасиға ёлғиз Туркистон истиқлолигина лойиқдир.
Мустафо Чўқай,
«Ёш Туркистон» журнали, 1932 йил 37- (декабрь) сони
Баҳром Ирзаев. «Қўқон тарихидан лавҳалар». «Академнашр» нашриёти. 2020 йил. 240 саҳифа (pdf)
Ушбу асарда ХХ аср бошида Қўқондан етишиб чиққан олиму мураббийлар, давлат ва жамоат арбоблари, шоиру журналистлар ҳаёти, уларнинг ижодий фаолияти ҳамда мустабид тузум қатағон сиёсати оқибатида маҳв этилиши қаламга олинган. Қуйида китобнинг «Ўзбек миллий матбуотидан намуналар» қисмида берилган Чўлпоннинг «Умид сиздан!» мақоласи келтирилади.
Умид сиздан! Мухторият эълон қилинди!
Унинг тўғрисида дўстларимиздан ҳам, душманларимиздан ҳам кўп гаплар эшитдик. Дўстларимиз: «Муборак бўлсун, хайрлик натижаларини кўрингиз». Баъзи дўстларимиз билиб ё билмасдан «мухториятингизга «яшасин»дан бошқа сўзимиз йўқ. Аммо, аммо…ҳозирланмағон, тайёрланмағон, ўқимағон вақтингизда бўлғон «мухторият» илгариги «хонлик»ларни кетирмаса ярар эди…», деб қўюрлар.
Энди большевикларга келсак, уларнинг назарлари жуда очиқ ва қатъий: «Бизнинг сўзга унасанг унадинг, унамасанг шоп! Бошларингда Красная гвардиянинг немисни уруб, Берлинни олиб, Англия ва Австриядаги мазлум миллатларни қутқазиб, французнинг Тунисин ерлиларга олиб берган қутлиқ қиличи кубалакдай прилдар… Хулоса: «Хўп бўлса хўп, бўлмаса — Аллоҳу акбар!».
Балки, баъзи мухбир кишилар большевикларни бу даражада очиб кўрсатишимга рози бўлмасалар, мендан хафаланарлар. Ҳам «далилсиз даъвонинг қозиши даъвогарнинг ўзи» деган гапни такрорлар. Мен уларга мавлуд куни Тошкентда тўкилган қонлар ила Бухорода ва Хивадаги большевик ҳукумати бўлғонидан кейинги ҳолларни кўрсатсам, «Наша газета» бетлариндаги узун мақола ва хабарларни ўқуб кўнгиллари ул тарафга мойил бўлғонликдан қаноат этмаслар.
Аммо бу кунларда Андижонда бўлғон бир воқеани айтсам, эҳтимолки, бир оз юмшарлар: Андижонда большевиклар «Солдат ва ишчилар шўроси» воситаси билан собиқ милиция началниги Сетин ўрнига ўзларидан (большевик) Сомайлоф исмли бир кишини қўймоқчи бўлдилар. Дума аъзолари ила аксарият ташкил этилган мусулмонлар бошқа кишини кўрсатдилар, уларнинг (большевикларнинг) жавоблари яна ҳалиги: «Унамасангиз, қон тўкилади!..». Шунинг билан ҳозир Андижонимиз кўнгилсиз воқеалар олдида турадир…
Ўйламоқ керак: ҳозир Николай вақти билан замонамизнинг фарқи йўқ! Николай вақтида губернаторлар бирор киши ҳокимлик ва бошқа ишларга ўзлари тайинлаб қўярлар эди. Мусулмонлар эътимодсизлик билдурсалар, баъзан бошқани ҳам қўяр эди. Бир ҳоким учун қон тўкилганини мен эшитганим йўқ… Шунинг учун ҳуррият, адолат ва мусавват каби шуълалар ярқираган бир замонда бўлғон мундай воқеалар яна бизнинг Николай асринда яшадигимизни кўрсатадир!
Мана шундай ҳолларни ўйлаганда, кўнгиллар умидсизлик дарёсига ботиб, кўнгилсизлик тўфонларинда ғарқ этиладир. Қаламлар илгариги раҳмсиз цензорлардан қўрққандай бўлиб, қоғознинг йўлларига юз қўбишга унамайдирлар… Ана шундай вақтларда пастда айтиладурган воқеалар кўз олдиға келуб ночор-ноилож юракларнинг фавқулодда шодлик ила кўтарилишлариндан пайдо бўлган овозни, тилни гулдиратиб айтишга мажбур бўласан: «Яшасун Туркистон мухторияти! Бор бўлсун ҳақиқий ва тўғри йўлдаги фуқаҳолар! Гуллаб, кўкарсунлар умид юлдузлари бўлғон ёшлар!», деб…
- Тошкентда «Фуқаҳо жамияти» большевикларнинг энг зўр суянчлари бўлган қўл кесиш ҳам қасосга доир очиқ ва яхши йўл топди!
- 1−2 миллион қаҳрамон турк-татар аскарларига таянган «Ҳарбий шўро» бўлган ҳолда гулланиб, очилиб, яшнаб келмакда бўлғон ишчилар ва деҳқонлар шўроларининг мухторият байроғи остида, мухториятга жон ва қон фидо этишга ҳозир бўлиб туришлари, мухторият остида қонун ва шаърият йўллари ила ўзлариға ёруғ кун исташлари, уларнинг ул талабларина миллат ходимларимизнинг ҳам яхши юз кўрсатишлари.
- Андижонда «жамиятлар жамияти» ташаббуси билан бўлғон шаҳар ва атроф съездига ҳамма жамиятдан 2 кишидан вакил киритилғони ҳолда, «Шўрои исломия» раиси жанобларининг ташаббуси ва ғайрати била мажлиснинг ишчилар жамиятидан 20 вакил қабул этиши, ҳар ишга ишчиларни яхши назар билан киргиза бошлаши.
- Шул съездда увлоқ, тўй, марака каби бидъатларнинг исрофлари тамом битирилуб, сарфлари куч билан бўлса ҳам олиниб, очлиқ билан азобланганларга ёрдамга берилиши учун ғоят жиддий тадбирларга киришишга қарор чиқарилиши ва ул қарорларнинг самаралари кўринмакка бошлаш. Яна шул съездда Туркистондаги ортиқ ерларни суғориб, ишчиларга топшириб, Туркистондаги мусулмон ишчиларини ер билан таъмин этишга йўл очилиши.
- Мухторият фойдаси учун Андижонда бўлғон театрларда Туркистоннинг ўзтурк боласи, гимназия шогирди 12 ёшлиқ Санжарбек Фозилбек ўғлининг мухторият байроғи ила унинг остига қилган ажойиб бир манзаралик расмининг Амриқо савдо мизоида (аукцион) билан 1200 сўмга сотилиши, қаҳрамон миллат ходими Қўчқорбой афандининг буюк ҳиммат билан ул расмни олиши, бошқаларнинг ҳам бу ишга яхши аҳамият беришлари…
Булар ҳаммаси, ҳаммаси қоронғу кечаларда ялтирағон юлдузлардир…
Булардан умид, булардан иймон, булардан руҳ кўринадир.
Булар бизнинг истиқболимизнинг, келадурғон йўлимизнинг чақиримлари, аломатлари, белгиларидир. Турклари, турк уруғлари, турк эллари инқирозли, йўқ бўлишга маҳкум эмаслар. Булар ўзларининг эски бешиклари бўлган Туркистонда яна илгариги шавкат ва салтанатини тиргизар, тўғрилик, кенглик, қардошлик асосига қурилган тахтларини (миллат мажлислари демакдир) обод қилурлар.
Хусусан, бизнинг Туркистон ҳеч вақтда ҳам порлоқ ва ойдин эрталардан қуруқ эмас ҳам қуруқ бўлмас! Чунки турк қайнағон эрнинг исми Туркистон: сен қаерликсан деб сўролса, «Мен туркистонликман!», дер ва унинг юраги Туркистондадир. Туркистон номи бор вақтда Туркистон УЛУҒДУР. Зўрдир ул 100 миллиондан ортиқ кучга таяниб, унинг кўксига қилич тиққони келганларга қачондан бўлса:
«Кет, маҳв бўларсан! Ёқинлама, қул бўлурсан!», дер, дея олур.
Туркистоннинг ёруғ юлдузлари! Айтингиз онангиз Туркистонга: «Ёв суққоли келгач қиличини юрагингга, тут олдида, ол кўксимни, қалқонми керакдир?».
Тешабой (Абдулҳамид Чўлпон),
«Эл байроғи» газетаси, 1918 йил 26 январь сони