Маҳаллалардаги фаол нуронийлар ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизи (577 минг 500 сўм) миқдорида рағбатлантириб борилади. Бу президентнинг 25 ноябрь куни қабул қилинган «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастурини амалга оширишга фаол нуронийларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида назарда тутилган.

Қайд этилишича, «катта ҳаётий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли» 3 нафар фаол нуроний танлаб олинади ва олти ой муддатга бешта камбағал оилага бириктирилади. Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «Нуроний» жамғармаси ва Маҳаллалар уюшмасига фаол оқсоқолларни танлаб олишда кўмаклашади.

Улар «маҳалла еттилиги» ёрдамида оилаларни камбағалликдан чиқаришга, маҳаллада соғлом турмуш тарзи ва ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантиришга жалб этилади. Бунинг учун нуронийлар хонадон томорқасидан самарали фойдаланиш ва кичик ишлаб чиқариш ускуналари ва бошқа зарур техника воситаларини бўлиб тўлаш шарти билан ижарага олишга ёрдамлашиш керак.

Шунингдек, оила фарзандларини ҳунарманд ва усталарга шогирдликка бириктириш, ушбу оилаларнинг таълим муассасаларида ўқиётган фарзандларини ўқув жиҳозлари ва қуроллари ҳамда спорт кийимлари билан таъминлаши лозим.

Харажатлар «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, нуронийлар маҳаллада пиёда юриш маданиятини тарғиб қилиш, хонадонларнинг санитария ҳолатини яхшилашга ва тозаликни сақлашга, оила аъзоларини зарарли одатлардан воз кечишга чақиришга масъул бўлади.

Шу билан бирга, улар кекса ёшдаги фуқаролар учун мос келадиган спорт тадбирларини ташкил этиш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб этишлари белгиланган.

Қарорга мувофиқ, кекса ёшдаги фуқароларни спортга жалб қилиш учун «Нуроний» жамғармаси ҳисобидан ҳар бир маҳаллага йилига 10 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилади.

2025 йил учун давлат бюджети параметрларида жамғармага 504 млрд сўм маблағ ажратилишини режалаштирилган.