Шавкат Мирзиёев 26 ноябрь куни темирйўл ва авиация соҳасидаги давлат компанияларида трансформация жараёнларининг боришига оид тақдимот билан танишди.
Президент матбуот хизмати хабарида бу соҳада иқтисодий самарадорлик ва одамларга қулайлик нуқтаи назаридан катта ўзгаришлар қилинаётгани айтилади. Хусусан, «Ўзбекистон темир йўллари» таркибида 6 та мустақил корхона ташкил этилиб, 1200 та янги юк вагони олинган, ички йўналишда юк ташиш вақти 2 карра камайган.
Таъкидланишича, рақамлаштириш натижасида вагонга буюртма бериш 7 босқичдан 3 босқичга, бунга кетадиган вақт 72 соатдан 12 соатга қисқарган. Тошкент атрофида поездларни ўтказиш имконияти 30 фоизга ошган. Илгари зарар билан ишлаган акциядорлик жамияти бу йил 30 миллиард сўм фойда кўрган.
Шунингдек, Uzbekistan Airways тизимида авиақатновлар 25 фоиз кўпайган. Маҳаллий йўналишларда самолётлар сони 8 тага етиб, ички қатновлар 2,5 баробарга ошган. Марказий Осиёдаги халқаро ташувларда миллий авиакомпания улуши 20 фоизга етиб, йиллик йўловчи ташиш кўрсаткичи 6 миллион нафардан ошиши кутилмоқда.
«Uzbekistan Airports самолётлар, юк ва йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда. Аэропортлар бошқарувига хусусий сектор жалб қилингани самара беряпти. Дунёдаги 44 та авиакомпания юртимизга парвозни амалга оширяпти. Аэропортлар орқали юк ташиш ҳажми ҳам бу йил 22 фоизга ошиши кўзда тутилган», — дейилади хабарда.
Президент, шунга қарамай, ҳали вазифалар кўплигини айтди ва дунёдаги мураккаб вазият транспорт йўллари қанчалик муҳимлигини кўрсатаётганини қайд этди. Шу боис йўналишларни диверсификация қилиш, ташиш жараёнларини тезлаштириш, транспорт хизматлари таннархини пасайтириш жуда муҳим, деди у.
«Мамлакатимизда иқтисодиёт, савдо алоқалари йилдан йилга ривожланяпти. Аҳоли даромади, ҳудудларнинг туризм салоҳияти ҳам ошяпти. 2030 йилга бориб, ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш мақсадини қўйдик. Шунинг учун транспорт «артерия»ларига алоҳида аҳамият беришимиз керак», — дея таъкидлади президент.
Президент матбуот хизматининг ёзишича, янги таҳрирда имзоланган «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонун соҳага хусусий компаниялар ва инвестицияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантиришга ёрдам беради.
Энди соҳа раҳбарларидан иш услуби ва ёндашувларини кескин ўзгартириб, натижани таъминлаш сўралади. Бунинг учун, аввало, соҳада трансформацияни жадаллаштириш, қурилиш ва модернизация лойиҳаларини сифатли бажариш лозим. Халқаро кредит рейтинги олиш, давлат кафолатисиз маблағ жалб қилиш, инвестицияларни самарали ишлатиш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради.
Давлат раҳбари ҳали Ўзбекистон ҳаво йўллари аҳолини рози қиладиган даражага етмаганини айтди. Мисол учун, халқаро рейтинг олиб, ташқи бозорга чиқиш кечикмоқда. Оқибатда таннарх юқорилиги учун чипта нархида сезиларли ўзгариш бўлмаган. Харажатларни қисқартириш бўйича чора-тадбирлар ижроси эса суст кетмоқда.
Шу боис соҳа мутасаддиларига консалтинг компанияси жалб қилиб, трансформация бўйича аниқ дастур ва «йўл харитаси» ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Uzbekistan Airports тизимида асосийси — хизматларни кўпайтириш ва хусусий шерикликни кенгайтириш. Самарқанд аэропорти хусусий бошқарувга берилгач, парвозлар ва йўловчилар сони 5 баробар ошган. Энди Наманган, Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида ҳам шундай мақсад кўзланган. Йил якунигача аэропортларда қўшимча хизматларни 2 карра кўпайтириш, даромадни 25 фоиз ошириш мўлжалланган.
Бундан ташқари, халқаро бозордан мустақил ресурс жалб қилиш, Навоий аэропорти терминалидан тўлиқ фойдаланиш чоралари белгиланди.
Президент мазкур учта компанияда рақамлаштиришни жадаллаштириш, режаларни қайта кўриб чиқиб, иқтисодий натижадорликни ошириш бўйича топшириқлар берди.