26 октябрь куни кечқурун Тошкент шаҳрининг Янгиҳаёт туманида содир бўлган ЙТҲда Isuzu юк машинаси ҳайдовчиси ҳалок бўлди, деб хабар берди пойтахт ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати.

Ҳодиса 4R21 Тошкент ҳалқа автойўлида содир бўлган — машина қайрилиб олиш ҳаракатини амалга ошираётган бошқа юк машинасининг орқа қисмига бориб урилган.

Воқеа жойида ҳалок бўлган ҳайдовчи 37 ёшда, иккинчи юк машинаси ҳайдовчиси 42 ёшда бўлган. Эълон қилинган суратларда Isuzu кабинаси бутунлай пачоқланганини кўриш мумкин.

Ҳолат юзасидан ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлимига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

ЙҲХБ ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларини бузмаслик ва белгиланган тезликка риоя қилишга чақирди.