АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украина учун 725 миллион долларлик қурол-яроғ пакетини тайёрламоқда, деб хабар берди Reuters.

Қайд этилишича, Байден маъмурияти Россия қўшинларининг ҳужумини тўхтатиш учун Киевга АҚШ захираларидан танкка қарши турли қуролларни, жумладан, пиёдаларга қарши миналар, дронлар, Stinger ракеталари ва HIMARS ракета тизимлари учун ўқ-дориларни тақдим этишни режалаштирмоқда. Reuters маълумотларига кўра, пакетга кассетали ўқ-дорилар ҳам киради.

Бунгача АҚШ ўнлаб йиллар давомида миналарни экспорт қилмаган ва улардан фойдаланишнинг тинч аҳолига хавфи борлиги учун қарор мунозараларга сабаб бўлмоқда. Бироқ Киевга жўнатиладиган миналар қисқа муддат учун ишлайдиган таъминот тизимига эга. Яъни эски миналардан фарқли ўлароқ, улар ер юзида тинч аҳолига доимий таҳдид бўлиб қолмайди.

Ушбу ёрдам пакети ҳақида Конгрессга 2 декабрь, душанба куни расмий билдиришнома келиши мумкин, деди Reuters манбаларидан бири. Агентликнинг ёзишича, Байден уни имзолашидан олдин пакетнинг мазмуни яқин кунларда ўзгариши ҳам мумкин.

Дональд Трамп президент этиб сайланганидан сўнг Байден маъмурияти Киевнинг Россия билан бўлиши мумкин бўлган музокаралардаги позициясини мустаҳкамлаш учун Украинага тасдиқланган ҳарбий ёрдамни топширишга улгуришга ҳаракат қилмоқда. Оқ уй вакиллари янги маъмурият Украинани музокараларга ундашга уриниб, таъминотни қисқартириши мумкинлигидан хавотирда.

Ушбу стратегия доирасида Байден Киевга узоқ масофага учувчи ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига зарба беришга, пиёдаларга қарши миналарни топширишга рухсат берди, 4,65 миллиард долларлик қарзнинг ярмини ҳисобдан чиқарди. Шунингдек, 27 ноябрь куни Politico Байден Конгрессдан Украинага ёрдам ва қурол-яроғ етказиб бериш учун яна 24 миллиард доллар сўраганини хабар қилди.