28 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди июль ойида Янгийўл туманида бир оилани ўлдирганликда айбланаётган шахсга нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов маълум қилди.
Мазкур иш судья Бахтиёр Розиқов раислигида ёпиқ суд мажлисида кўрилди.
Суд Содиғалиевни Жиноят кодексининг қуйидаги моддалари билан айбдор деб топди:
- 97-модда 2-қисми «а», «в», «ж», «з», «и» бандлари (Тамагирлик ниятида ожиз аҳволдаги икки ёки ундан ортиқ шахсни номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан боғлиқ ҳолда ўта шафқатсизлик билан ўлдириш);
- 118-модданинг 1-қисми (Номусга тегиш, яъни зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб, жинсий алоқа қилиш);
- 134-модда (Қабрни таҳқирлаш);
- 164-модда 3-қисмининг «в», «г» бандлари (Уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кириб баданга оғир шикаст етказган ҳолда босқинчилик қилиш);
- 173-моддаси 2-қисмининг «б» банди (Атрофдагилар учун хавфли усулда мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш).
Суд унга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Айбланувчи жазони махсус тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Зокиржон Содиғалиев ўзи ўлдирган 33 ёшли эркакнинг қариндоши бўлган. У билан бирга бир аёлни (25 ёшли) ва учта болани (6, 3 ва 2 ёшли) ўлдирган. Қотилликдан кейин судланувчи уларнинг уйини ёқиб юборган. Тергов жараёнида у марҳумнинг қарзи борлиги сабабли жиноятга қўл урганини айтган.