Одам савдосида айбланиб, 8 йилдан буён қидирувда бўлган ўзбекистонлик Туркиядан Ўзбекистонга депорт қилинди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар қилди.

1980 йилда туғилган аёл Ўзбекистон ва Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида Тошкент шаҳрига депортация қилинди.

«Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консулхонасига ёки Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ёхуд ички ишлар органларининг қуйи ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиш сўралади», — дейилади бош консулхона хабарида.