Ўзбекистондаги 64 та туманда озиқ-овқат экспорт ўтган йилга нисбатан камайган, 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида айтилди.

Қайд этилишича, озиқ-овқат экспорти 2023 йилга нисбатан 370 миллион долларга (1,2 баробар) ўсиб, 2 миллиард доллардан ошди. Ўзбекистон ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6−7-ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиқди.

Биргина гилос 16 та мамлакатга экспорт қилинмоқда. Ҳар ҳафта 3−4 тонна узум АҚШга етказиб берилмоқда.

Экспорт Қорақалпоғистон ва Жиззахда 2,2 баробар, Хоразмда 1,8 баробар ва Сурхондарёда 1,6 баробар кўпайди.

Президент айрим вилоят, туман ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлар ишни тўғри ташкил қилмагани учун маҳсулот ва экспорт ҳажмида катта ўзгариш сезилмаяпганини қайд этди.

Ери бошқалардан карра-карра кўп бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ўсиш уларнинг имконияти ва шароитига мутлақо мос эмаслиги қайд этилди. Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспорти ўтган йилги кўрсаткичга етмаяпти.

Шунингдек, 64 та туманда экспорт ўтган йилга нисбатан камайган бўлса, шундан 17 тасида 50 фоизга ҳам етмаган.

Ҳокимлар бугун дунёдаги оғир вазиятни ҳисобга олиб, ҳар куни изланиб, янги-янги имкониятлар топиб, ишга солиши шартлиги ҳақида огоҳлантирилди.