2024 йилнинг 26 ноябрига қадар республика бўйича газ билан боғлиқ жами 74 та (2023 йилда 86 та) бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда «Ҳудудгазтаъминот» акциядорлик жамияти бошқарма бошлиғи Абдусаттор Қаюмов маълум қилди.
Компания вакилининг сўзларига кўра, «айрим фуқароларнинг қоидаларни билмаслиги, унутиб қўйиши, менсимаслиги ёки эътиборсизлиги» бундай ҳодисаларни келтириб чиқармоқда.
Ўтган даврда 82 нафар (2023 йилда 88 нафар) фуқаро газ билан боғлиқ ҳодисаларда вафот этди. Яна 80 киши (119 нафар) турли даражадаги тан жароҳатларини олган.
Компания матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишич, вафот этганларнинг 75 нафари ис газидан заҳарланган. Уларнинг аксарияти Фарғона, Хоразм ва Жиззах вилоятларига вилоятларига тўғри келади.
Айрим ҳолатларда дудбурон носозлиги оқибатида оиланинг барча аъзолари ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлган.
«Ҳодисалар фуқаролар ис газининг хавфли эканлигини тўла тўкис ҳис этмасликлари, тарғиботга ишонмасликлари натижасида ностандарт, қўлбола, хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган носоз жиҳозлардан ҳамда дудбурон, шамоллатиш тизимларини текширмасдан ёки нотўғри ўрнатилган дудбурондан фойдаланганликлари натижасида содир бўлмоқда», — деди Абдусаттор Қаюмов.
Компания вакили барча истеъмолчиларга газ ускунаси ўрнатилган хонага газ ёки ис гази тўпланганда овозли хабар берадиган ёки газ таъминотини автоматик тўхтатадиган ускуналар (газ сигнализаторлар) ўрнатишни тавсия этди.
Аввалроқ «Газета.uz» ис гази нима экани, ундан заҳарланиш қандай юз бериши, бундай ҳолларда (ёки заҳарланмаслик учун) нима қилиш кераклиги борасида Фавқулодда вазиятлар, Соғлиқни сақлаш ҳамда Энергетика вазирликларининг тавсияларини жамлаганди.