Бухоро вилоятининг Жондор туманидаги хонадонлардан бирида юз берган газ портлаши оқибатида оиланинг 6 нафар аъзосидан 4 нафари куйиш жароҳатини олган. «Газета.uz»га бу ҳақда маълумот берган Бош прокуратура матбуот хизмати жароҳатланганларнинг 2 нафари вафот этганини маълум қилди.

Келтирилишича, 17 ноябрь тонггида соат 5:30 атрофида хонадоннинг ётоқхонасида ис гази чиқиб, унинг оқибатида ёнғин келиб чиққан. Хонада бўлган 4 нафар фуқаро ёнғиндан жабрланган. Эркак ва унинг аёли ҳамда уларнинг 2 нафар вояга етмаган қизи туман тез тиббий ёрдам марказига мурожаат қилган.

41 ёшли ота ва она куйиш жароҳатини олиб, вафот этди. Қизларнинг ҳолати қониқарли дея баҳоланмоқда. Kun.uz хабарига кўра, 2 нафар ўғил жабрланмаган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан 22 ноябрь куни Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши одам ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди. Тергов ҳаракатлари кетмоқда.