Россия Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни кўпайтирмоқчи. Бу ҳақда 27 ноябрь куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Россия-Қозоғистон музокаралари якунида Россия президенти Владимир Путин маълум қилди.
«Ўтган йилдан бери Россиядан газ Қозоғистон ҳудуди орқали қўшни Ўзбекистонга етказиб берилмоқда. Ва биз етказиб бериш ҳажмини кўпайтирамиз», — деди Владимир Путин.
Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев, шунингдек, «Газпром» билан Россия газини Қирғизистонга транзит қилиш ва Россия газини Қозоғистонга узоқ муддатли етказиб бериш бўйича келишув имзоланганини билдирди.
Россия раҳбарининг Остона шаҳрига давлат ташрифи чоғида икки давлат президентлари янги глобал тартиб шароитида стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот имзолади. Жами 20 та ҳукуматлараро, идоралараро ва тижоратга оид ҳужжатга имзо чекилди.
2023 йил октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Россиядан Қозоғистон ҳудуди орқали газни тескари йўналишда импорт қилмоқда. Маълум қилинишича, расмийлар Россиядан газ импорти ҳажмини ошириш учун магистраль газ тизимини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар сармоя киритишни режалаштирмоқда.
«Ўзбекистон-2030» стратегиясига кўра, 2030 йилга қадар Ўзбекистонда газ қазиб олишни 62 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган (сўнгги йилларда у пасаймоқда). Агар Устюрт ҳудудида геология-қидирув ишлари кутилган натижаларни бермаса, кўрсатилган йилга келиб импорт 10−11 миллиард куб метрга етади, деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.
2024 йил бошидан Ўзбекистонга газ импорти 1,36 млрд долларга етди, бу 2023 йилнинг 10 ойига нисбатан 2,4 баравар кўпдир, дея хабар берди президент ҳузуридаги Статистика агентлиги. «Мовий ёнилғи» экспорти 540,4 миллион долларга (+17,9 фоиз) ошди. Аввалроқ ҳукумат 2025 йилда газ экспортини тўхтатиш режалари ҳақида хабар берган эди.