Соғлиқни сақлаш вазирлигига тизимни ислоҳ қилиш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли режаларни ишлаб чиқишда ёрдам бериши керак бўлган етти нафар туркиялик экспертдан иборат гуруҳ Ўзбекистонга жалб қилинди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, мутахассислра ҳукумат қарорига мувофиқ таклиф этилган.

Гуруҳ еттита асосий йўналиш бўйича ишлайдиган етти нафар мутахассисдан иборат:

  • бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришбирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштириш;
  • тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тизимни рақамлаштириш;
  • шифохоналарда тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш;
  • тиббий хизматларни режалаштириш;
  • фармацевтикани ривожлантириш ва дори воситалари таъминоти;
  • тиббий асбоб-ускуналар самарадорлигини ошириш;
  • шошилинч ва тез тиббий ёрдамни ривожлантириш.

Мутахассислар «юқоридаги еттита йўналиш бўйича катта халқаро тажриба ва малакага эга, ҳар бири тегишли йўналиш бўйича масъул этиб белгиланган», дейилади хабарда.

Гуруҳ раҳбари Ҳасан Чагил 1986 йилда Истанбул университетини тамомлаган. 2003−2013 йилларда Туркия тиббиётини трансформация қилишда бевосита иштирок этиб, асосий йўналишларга бошчилик қилган. Натижада қисқа муддатда мамлакат тиббиёти 2000 йиллар бошидаги аҳволи оғир соҳадан ривожланган тизимга айланди.

Ушбу мутахассис халқаро даражадаги экспертлик фаолиятини 2016 йилдан мустаҳкамлаган. Осиё ва Европанинг бир қатор Соғлиқни сақлаш вазирликларида тиббиётнинг қатор йўналишлари бўйича маслаҳатчилик фаолиятини давом эттирган.

Шу билан бирга, туркиялик экспертлар сафида тиббиёт соҳасида катта илмий салоҳият ҳамда амалий тажрибага эга Меҳмет Угурлу, Талган Кючюк, Муҳаммет Ёрнек, Меҳмет Эрсой, Ҳасан Багджи ва Мехмут Авджи ҳам бор.

Ҳозир улар жойларда бўлиб, соғлиқни сақлаш муассасалари фаолиятини чуқур ўрганган ҳолда, уни янада ривожлантириш борасида ўз тавсияларини беряпти. Келгусида ана шу таҳлил, таклиф ва тавсиялар умумлаштирилиб, соғлиқни сақлаш тизимининг босқичма-босқич ислоҳотига оид қисқа, ўрта ва узоқ муддатли «йўл хариталари» ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши режалаштирилган.

ССВ соғлиқни сақлаш соҳасини рақамлаштириш, тиббий суғурта тизимини ривожлантириш ва тиббий кластерларни ривожлантириш учун Туркиядан мутахассисларни жалб қилиш режалари ҳақида ўтган ёзда хабар берганди. Аввалроқ 2020 йил февраль ойида туркиялик эксперт соғлиқни сақлаш вазирининг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва рақамлаштириш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланиши ҳақида хабар берилганди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг Анқарага ташрифи чоғида келишиб олинган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги илгари ислоҳотларга кўмаклашиш учун хорижий ходимларни жалб қилган. 2018 йил январь ойида Корея Республикасидан профессор Юн Тэк Рим Соғлиқни сақлаш вазири маслаҳатчиси этиб тайинланди. 2019 йил февраль ойида унинг ватандоши Ли Донг Ук Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари ва бош вазир ўринбосарининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимини эгаллади.

2021 йил ноябрь ойида Соғлиқни сақлаш вазирлиги муассасаларини лойиҳалаш бўйича бош ташкилот ҳисобланган «Ўзтиблойиҳа» ихтисослаштирилган лойиҳа ташкилотига туркиялик мутахассис Гурай Каймак раҳбар этиб тайинлангани хабар қилинганди.

Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида жорий йил 1 октябрдан давлат тиббий суғуртаси тизими иш бошлади. «Газета.uz» бу тизим қандай ишлаши ҳақида ёзган. Дастлаб уни 2021 йил 1 январдан бошлаб жорий этиш режалаштирилган эди. Ўзбекистон бўйлаб давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этишни 2026 йил охиригача якунлаш режалаштирилган.