Россия Федерацияси ҳукумати чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россияга киришда биометрик маълумотларини тақдим этиши бўйича экспериментни маъқуллади. Тегишли қарорни бош вазир Михаил Мишустин имзолади.

Ҳужжатга кўра, эксперимент икки босқичда режалаштирилган. Биринчи босқичда — 2024 йил 1 декабрдан 2026 йил 30 июнгача биометрик маълумотларни йиғиш РФга киришда Москва (Домодедово, Шереметьево, Внуково) ва Москва вилояти (Жуковский) халқаро аэропортлари, шунингдек, Оренбург вилоятидаги автомобиль назорат пункти («Маштаково») орқали амалга оширилади

Иккинчи босқич 2025 йил 30 июндан 2026 йил 30 июнгача бўлиб ўтади ва барча назорат-ўтказиш пунктларини қамраб олади. Бу муддатда Россияга визасиз кириш учун хорижликлар ўзларининг фотосуратлари ва биометрик маълумотларини олдиндан махсус аризага жойлаштириши, шунингдек, ташриф мақсади тўғрисидаги баёнотни тақдим этиши мумкин бўлади.

Ҳужжатда қайд этилишича, эксперимент Беларусь фуқаролари, олти ёшгача бўлган болалар, дипломатлар, дипломатик ваколатхоналар ва консуллик муассасалари ходимлари, Россияда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига тааллуқли эмас.

Апрель ойида Россия ИИВ миграция соҳасида давлат назоратини кучайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини тақдим этган эди. Ташкилот, хусусан, хорижликларнинг мамлакатда вақтинча бўлиш муддатини йил давомида 90 кунгача қисқартириш, киришда мажбурий бармоқ излари ва барча миграция ҳужжатлари ўрнини босувчи ягона шахсий гувоҳномани жорий этишни таклиф қилганди.

Октябрь ойида, шунингдек, 2025 йилдан Москвада эксперимент доирасида мигрантларга улар ҳақидаги «барча маълумотлар» мавжуд бўлган электрон гувоҳномалар бериш бошланиши хабар қилинганди.