2018 йилдан бери Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келган Эркинжон Оқбўтаевич Турдимов президент фармони билан лавозимидан олинди. Унинг ўрнини Ҳисоб палатаси раиси лавозимида фаолият юритиб келган Адиз Музаффарович Бобоев ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида эгаллади.

55 ёшли Турдимов Самарқанд вилоятида таваллуд топган. 1991 йилдан 1995 йилгача «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг ҳудудий бўлимларида хизмат қилган.1996 йилгача Зарафшон ҳокими ўринбосари бўлди. 1996 йилдан 2000 йилгача Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий бўлимида ишлаб, Навоий вилояти Хатирчи туман ҳокимиятига бошчилик қилди. Ундан сўнг қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди.

2008−2016 йиллар давомида Навоий вилояти ҳокими бўлган. Ундан сўнг 2 йил Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган. 2018 йилда Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тайинланган Турдимов 2024 йилда мамлакатда ўтган парламент сайловларидан сўнг Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида қайта тасдиқланди.

Вилоятга янги тайинланган ҳоким вазифасини бажарувчи вакил Адиз Музафарович Бобоев 2024 йилнинг январь ойидан бери Ҳисоб палатаси раиси лавозимига ишлаётганди.

Адиз Бобоев (1972 йилда туғилган) Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган (1993). Бухоро вилояти молия бошқармасида 1-тоифали иқтисодчи, монополияга қарши ва нарх сиёсати бўлими етакчи иқтисодчиси бўлиб, шунингдек, бошқа лавозимларда ишлаган (1993−2007). Шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси Ижроия бошқармаси даромадларни прогнозлаш бошқармаси бошлиғи (2008−2010), Давлат бюджети бош бошқармасининг жамланма бюджет даромадларини режалаштириш ва таҳлил қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари (2010−2012) ва Молия вазирлиги тузилмасидаги бошқа лавозимларда ишлаган.

Ҳисоб палатаси раиси лавозимида иш бошлашидан аввал Иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари лавозимида ҳам ишлаган.