Жанубий Кореяда иккинчи кундирки қорнинг кучли ёғиши кузатилмоқда, бир нечта рейслар бекор қилинди, паромлар фаолияти тўхтатилди ва камида беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.

Yonhap ахборот агентлигининг ёзишича, мазкур қор миқдори пойтахт Сеулда 1907 йилдан бери ёғган кучли қорлар бўйича учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, ўтган кун ноябрь ойи учун барча қор ёғиши рекордларини янгилади.

Пайшанба куни эрталаб Сеулнинг баъзи жойларида 40 см (16 дюйм) дан ортиқ қор тўпланиб, 140 дан ортиқ рейс бекор бўлишига олиб келди.

Yonhap`га кўра, чоршанбадан бери Сеул шаҳрига туташ Геонгги вилоятида қор ёғиши оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган. Тўрт киши бинолар қор оғирлиги сабабли қулаши оқибатида, яна бир киши эса автобус сирпанчиқ йўлда сирғаниб кетиши оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида вафот этган.

Полициянинг маълум қилишича, чоршанба куни кечқурун Гангвон провинциясининг марказий шаҳридаги автомагистралда 53 та транспорт воситаси тўпланиб, 11 киши жароҳат олган.

Сеулнинг асосий аэропорти Инчонга энг кўп зарар етди, йўловчилар ўртача икки соатга яқин кечикишларга дуч келди, пайшанба куни рейсларнинг 31 фоизи кечикди ва 16 фоизи бекор қилинди. Расмийларнинг айтишича, 142 га яқин рейс бекор қилинган, 76 та паром йўналишлари тўхтатилган, оммавий ахборот воситалари эса баъзи поездлар кечикиши ҳақида хабар берди.

Куннинг иккинчи ярмига келиб, Геонгги провинциясида 1285 га яқин мактаб, жумладан, болалар боғчалари ёпилди. Қўшни Шимолий Кореяда ҳам сешанба ва чоршанба кунлари баъзи ҳудудларда 10 см дан ортиқ қор ёғди.