28 ноябрь куни эрталаб Россия қўшинлари Украина энергетика тизимига ялпи зарбаларни йўллади, деб хабар берди Украина энергетика вазири Герман Галушенко.
«Энергетика яна душманнинг оммавий зарбаси остида қолди. Энергия объектларига ҳужумлар бутун Украина бўйлаб содир бўлмоқда. „Укрэнерго“ узатиш тизими оператори зудлик билан электр энергиясини фавқулодда ўчиришни жорий қилди. Хавфсизлик билан боғлиқ вазият яхшилангач, оқибатлар аниқланади», — деб ёзди у Facebook`да.
Портлашлар Одесса, Ивано-Франкивск, Львов, Волин, Ровен, Хмельница, Кировоград ва Киев вилоятларида содир бўлган, деб ёзмоқда Украина ОАВ. Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар бўйича маълумотлар аниқлаштирилмоқда.
Украина Энергетика вазирлигининг аниқлик киритишича, бу Россиянинг Украина энергетика инфратузилмаси объектларига бир йил ичида қилган 11-ҳужуми. «Энергетиклар имкони бор жойларда захира электр таъминоти тизимларини таъминлаш устида ишламоқда», — дейилади хабарда.
Украинанинг «Укрэнерго» энергетика тизими оператори ҳужум оқибатида бир нечта ҳудудлардаги энергия объектларига зарар етказилганини маълум қилди.
Украина ҳаво кучлари маълумотларига кўра, ҳужум давомида Россия 90 дан ортиқ ракета, жумладан, 57 та қанотли Х-101 ва 100 га яқин зарба берувчи дронлардан фойдаланган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа 91 ракетадан 79 тасини ва 35 та дронни уриб туширишга муваффақ бўлди.
«Эрталабдан ҳаво кучлари қўмондони, ички ишлар ва энергетика вазирларининг Россия зарбасининг оқибатлари ҳақида маърузалари бўлди. Нишон — бизнинг энергетика тизимимиз… Бир нечта вилоятларда фуқаролик инфратузилмасига кассетали ўқ-дорилар билан „калибра“ зарбалари қайд этилди. Ушбу кассета қисмлар бизнинг қутқарувчилар ва энергетикларимизга зарба оқибатларини бартараф этишни сезиларли даражада мураккаблаштиради ва бу Россия террорчилик тактикасининг жуда қабиҳ эскалациясидир», — деди Украина президенти Владимир Зеленский.
Россия Мудофаа вазирлиги ҳозирча ҳужумга изоҳ бермади.