Иқтисодчилар орасида инсон умрининг статистик қиймати деган тушунча мавжуд. Нима учун улар бебаҳо деб ҳисобланувчи инсон умри қийматини ҳисоблаб чиқа бошлаган? Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов «Мифономика» подкастининг навбатдаги сонида шу саволга жавоб берди.

«Инсон умри — ҳақиқатдан ҳам бебаҳо неъмат ва қадр. Иқтисодчилар инсон умрига қиймат қўйиши ҳам эриш эшитилиши табиий. Лекин бу воқеликдан келиб чиқилган нарса. Нима учун иқтисодчилар инсон умрига пул, доллар қийматини қўйишган, деган савол бўлса, бу нарса бошқа чуқур муаммоларни ҳал қилиш учун ишлаб чиқилган ҳисоблар саналади», — дейди у.

Беҳзод Ҳошимовнинг айтишича, инсон умри бебаҳо эканини барча яхши билади, лекин кўпинча инсон умри бебаҳо деганда инсон умри текин деган ғоя ҳам бирга юради. Аслида эса бебаҳо дегани умрнинг баҳоси чексиз дегани. Лекин баъзи нотўғри талқинларда умрнинг баҳоси нолга деган тасаввур ҳам пайдо бўлади.

«Масалан, қандайдир табиий офат бўлди. Ўша табиий офат оқибатида ҳалок бўлганларга давлат қанча компенсация тўлаши керак? Ёки уруш натижасида ҳалок бўлганларга давлат қанча компенсация бериши керак деган савол мавжуд. Ёки қандайдир теракт қурбонларига давлат қанча компенсация бериши керак? Ёки қандайдир техноген авария оқибатида ўлган одамлар учун қанча компенсация тўланиши керак? Шу нарсаларда инсон умри бебаҳо деган фалсафа билан келсак, давлат бўладими, хусусий идора бўладими, масъулларнинг жавоби „ҳеч қандай компенсация бериш керак эмас, чунки умр бебаҳо-ку“, деган нотўғри ғоя ёки нотўғри хулосага олиб келиши мумкин», — дейди у.

Нью-Йорк университети профессорининг фикрича, иқтисодчилар ҳам инсон умри бебаҳо деган фикрга қўшилади, лекин ўша умр давомида жамиятда ҳар хил воқеалар юз бериши мумкин. Шундай вазиятларда адекват тўлов ёки адолатни кўзда тутувчи тўлов сифатида қанча тўлаш керак, деган савол мавжуд бўлади. Шунинг учун ҳам ташқи тингловчига ғалати эшитилса ҳам, иқтисодчилар бу нарсани ўйлаб топган.

Унинг айтишича, иккинчи масала ҳар бир хавфсизлик, инсон умрини сақлаб қолиш учун кўриладиган чора-тадбирлар ёки технологияларнинг қандайдир қиймати мавжуд эканида. Бу қиймат орқали қанчадир инсоннинг умрини сақлаб қолиш мумкин ва жамият ҳар доим қандайдир танлов устида туради.

«Янги йил арафасида қўйиладиган „Тақдир ҳазили ёхуд қушдек енгил бўлинг“ деган рус киноси бор. Шу кинодаги бир қўшиқда шундай жумла бор: „Агар сиз яшамасангиз, демак сиз ўлмайсиз ҳам“. Нима демоқчиман? Агар инсон ҳеч нарса қилмаса, унинг ўлиш эҳтимоли ҳам шунчалик кам бўлади. Машина ҳайдамасангиз, самолётда учмасангиз, уйнинг ёки ғорнинг ичида яшасангиз балки турли офатлардан ўлиб кетиш эҳтимолингиз камроқ бўлар. Ҳар бир ҳаракатимизда биз маълум бир хавфни бўйнимизга олиб чиқамиз. Яъни жамиятлар ҳам қайсидир маънода бунга имплицит (онгли лекин норасмий) равишда рози бўлади. Яъни ишга келаётганимизда ҳеч ким бизга „йўлда бошингизга ғишт тушиб кетиши мумкин“ деб ёзилган шартнома бермайди, лекин бу эҳтимолни биз имплицит маънода қабул қилиб кўчага чиқамиз», — дейди у.

Беҳзод Ҳошимов ошхонада овқатланаётганда ҳам заҳарланиш эҳтимоли жуда катта экани ва яна турлича мисоллар борлигини таъкидлади. Ҳеч нарса қилмасдан яшашнинг эса имкони йўқ. Шунинг учун иқтисодчилар нима учун инсонларнинг ҳаёти қийматини ҳисоблашга ҳаракат қилади деганда асосий саволлардан бири жамият шу танловларни нимага асосланиб қилиши керак экани ҳисобланади.

«Ҳеч ким машина минмасин деган қонун чиқса, йўл-транспорт ҳодисаларидаги ўлимлар сони 0 бўлиб қолади. Лекин бунинг иқтисодий зарари, яъни инсонлар ҳаётига зарари ҳам жуда катта бўлади. Шунинг учун буни балансда ушлашимиз керак. Ўша баланс нуқтасини топиш учун инсон ҳаётига қандайдир қиймат қўйиш керак бўлган ва иқтисодчилар ҳар хил методологиялар орқали ўша ҳисобларни амалга оширишган», — дейди иқтисодчи.

Суҳбатни тўлиқ қуйидаги ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин: