Марказий банк бир шахсга банклар томонидан бериладиган карталар сонини чеклаш режалаштирилаётгани юзасидан изоҳ берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий банк бир фойдаланувчига расмийлаштириладиган банк карталари сонини чеклашни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.
Регулятор раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев ҳозирда Ўзбекистонда фуқаролар битта паспортга очиши мумкин бўлган банк карталари сони қонуний жиҳатдан тартибга солинмаганини, оқибатда айрим мижозлар юздан ортиқ карталарга эгалик қилаётганини айтганди. У фирибгарлар бундай карталардан кейинчалик пул маблағларини ўзлаштириш схемаларида фойдаланаётганини таъкидлаган.
Марказий банк берган хабарда айтилишича, ижтимоий тармоқларда битта жисмоний шахсга битта банк картаси берилиши бўйича меъёрлар ўрнатилаётгани тўғрисида хабарлар тарқалган бўлиб, улар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операцияларнинг олдини олиш, фирибгарлик схемаларида жисмоний шахсларга тегишли ҳисобварақлар ва банк карталари иштирокини камайтириш мақсадида регулятор банклар томонидан битта жисмоний шахсга (битта ЖШШИРга) карталар сонини (виртуал ва кобейджинг карталарини инобатга олган ҳолда) вақтинчалик битта банкда 5 тагача, барча банкларда 20 тагача белгилаш масаласини кўриб чиқмоқда.
Бунда ушбу талаб чет эл валютасида очилган банк карталарига нисбатан татбиқ этилмаслиги кўзда тутилмоқда.
Қайд этилишича, бугунги кунда банк карталарига эга жисмоний шахсларнинг қарийб 97 фоизида (22 млн киши) 5 тагача, 3 фоиз (770 минг киши) жисмоний шахсда 5−20 гача ҳамда 0,03 фоизида ёки 7 минг нафар жисмоний шахсда 20 тадан ортиқ карта расмийлаштирилган.
Жисмоний шахслар номига кўп миқдорда очилган банк карталарини таҳлил қилиш жараёнида, ушбу банк карталарининг бир қисмидан (аксарият ҳолатларда карта эгасининг хабари йўқ) фирибгарлик мақсадларида фойдаланилаётгани аниқланган.
Регулятор муҳокама қилинаётган меъёрлар аҳолининг банк карталари орқали тўловларни амалга оширишда ноқулайликлар келтириб чиқармаслигини ва ушбу талаблар тижорат банкларининг банк карталарини эмиссия қилиш фаолиятини тартибга солишга қаратилганини қўшимча қилган.
«Ўз навбатида, Марказий банк бу борада вазиятни мунтазам кузатиб боришини маълум қилади. Шунингдек, ушбу талаблар тўлиқ тайёр бўлгандан кейин журналистлар ва кенг жамоатчилик муҳокамасига ҳавола қилинади», — дейилади хабарда.