Mittivine тахаллуси билан ижод қилган блогер Фарҳод Маннопов вафоти юзасидан жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов хабар қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 5 март куни Star Med Center клиникасида боши ва бурнидан олган жароҳатини операция қилдирган Фарҳод Маннопов комага тушиб, вафот этганди.
Ўша йил 12 март куни ССВ текширув давом этаётгани сабаб Star Med маркази фаолияти вақтинча тўхтатилганини маълум қилган, кейинчалик Манноповга тиббий хизмат кўрсатиш чоғида махсус электрон тизим орқали айрим фаолият турларини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги ягона низомда кўрсатилган бир қатор лицензиялаш талаблари ва шартлари бузилгани ҳақида хабар берганди.
Хусусан, анестезиолог-реаниматолог Ж.К.нинг малака тоифаси бўлмаган. Шунингдек, клиника пластик жарроҳ А.Х.га малака тоифасига эга бўлмаса-да, тиббий хизмат кўрсатишига рухсат берган. 28 апрель куни вазирлик хусусий клиниканинг лицензиясини бекор қилиш тўғрисида судга ариза билан мурожаат қилганди.
2 июнь куни бўлиб ўтган сўнгги мажлисда суд ССВнинг аризасини қаноатлантирган ва Star Med Center клиникасининг (Omad plyus МЧЖ) 2021 йил 16 февралдаги тиббий фаолият билан шуғулланиши учун берилган лицензиясини бекор қилган.
2023 йил 27 сентябрь ойида блогер вафоти бўйича жиноят иши айблов хулосаси билан судга юборилганди. Жиноят иши доирасида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодекснинг 116−3-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ва 117−2-моддаси (Хавф остида қолдириш) билан айблов эълон қилинган.
2024 йил 29 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани судида А. Х. (эркак, 1981 й.т., Star Med Center отоларингологи, муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган) ва Ж.Қ.га (эркак, 1979 й.т., хусусий клиника анестезиолог-реаниматологи, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган) оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Иш судья Д. Комилов раислигида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ, А.Х. ва Ж. Қ. ЖК 117-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, оқланди.
Шу билан бирга, улар ЖКнинг 116-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва уларнинг ҳар бирига ЖКнинг 45-моддасини (муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш) қўллаган ҳолда 2 йил тиббиёт соҳасида тегишлилиги бўйича отоларинголог ва анестезиолог-реаниматолог вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Бунгача уй қамоғида бўлган Ж.Қ. ЖКнинг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) билан 3 йил 6 ой 27 кун муддатга озодликдан чекланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳри судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақли.