Бухоро вилояти Когон туманида кўп миқдордаги табиий газдан ноқонуний фойдаланган иссиқхона аниқланди, деб хабар берди «Ҳудудгазтаъминот» матбуот хизмати.

27 ноябрь куни газ таъминоти комплаенс назорат тузилмалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан иборат ишчи гуруҳ рейд ўтказган. Жараёнда Туткунда маҳалласида жойлашган «Б.Б.» МЖЧга қарашли иссиқхона газ ҳисоблагичидан ташқари ерости қувури орқали аҳоли учун мўлжалланган газ қувурига яширинча улангани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан далолатнома тузилиб, табиий газ сарфи қайта ҳисоб-китоб қилинган ва 8,85 миллиард сўмлик зарар келтирилгани аниқланган.

Мазкур жараён бўйича тўпланган барча далилий ашё ва ҳужжатлар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот органларига топширилади, дейилади хабарда.