Грузия полицияси махсус воситалар, жумладан, водомётлар ёрдамида намойишчиларни Тбилисидаги парламент биносидан сиқиб чиқарди. Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни 2028 йилгача кечиктиришга қарор қилганидан кейин навбатдаги йирик акция бошланди.
Тбилисида намойишчилар бир вақтнинг ўзида бир нечта жойларда, жумладан, ҳукмрон «Грузин орзуси» партияси идораси ва Руставели проспектидаги парламент олдида тўпланди, деб ёзади BBC рус хизмати.
Акцияда минглаб одамлар иштирок этди. Кечқурун полиция ва махсус кучлар намойишчиларни ҳайдашга киришди, кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланди, шунингдек, намойиш иштирокчиларини ушлади.
Грузия Ички ишлар вазирлиги «парламент биноси олдидаги намойиш қонунда белгиланган меъёрлардан ошиб кетганини» маълум қилди.
«Манифестация иштирокчилари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига жисмоний қаршилик кўрсатиб, оғзаки тарзда ҳақорат қилди. Уларга қарата турли буюмлар отилган, оқибатда ИИВнинг уч нафар ходими жароҳатланган. Улардан 2 нафари тиббиёт муассасасига етказилган. Полициячилар вазиятни юмшатиш учун қонунда белгиланган чораларни кўрди ва махсус воситаларни қўллади», — дейилади полиция хабарида.
Тбилиси марказидаги воқеаларни ёритувчи журналистлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳаракатларидан жабр кўргани айтилмоқда. Жабрланган ходимлар ҳақида, хусусан, «Публика» нашри, «Пирвели» телекомпанияси, Грузиядаги «Озодлик радиоси» хизмати ва Россиянинг «РИА Новости» агентлиги хабар берди.
«Озодлик радиоси» хизмати хабарига кўра, жабрланганлар орасида 20 га яқин киши бор.
Тундаги норозилик намойиши пайтида 43 киши қўлга олинди, деб хабар берди Грузия Ички ишлар вазирлиги. ИИВ ҳисоботида, шунингдек, митинг давомида 32 нафар полиция ходими жароҳатлангани айтилади.
«Мен ўз ишини бажариб, содир бўлаётган воқеалар ҳақида узлуксиз хабар бериб, асоссиз ҳужумларга учраётган Грузия оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлайман», — деб ёзди Грузия президенти Саломе Зурабишвили ўзининг X саҳифасида. Унинг ўзи ҳам намойишларда қатнашди.
Ҳокимиятдаги «Грузин орзуси» партиясининг Европа Иттифоқи билан музокараларни кейинга қолдириш ҳақидаги баёнотини бош вазир депутатлар мамлакатнинг янгиланган ҳукуматини тасдиқлаганидан бир неча соат ўтиб ўқиб эшиттирди. Мухолифат янги парламентнинг қонунийлигини тан олгани йўқ.
Пайшанба куни Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе «Европа сиёсатчилари ва бюрократларининг бир қисми» Грузиядаги парламент сайловларига аралашганини таъкидлади.
«Бугун биз 2028 йил охиригача Европа Иттифоқи билан музокараларни бошлаш масаласини кун тартибига қўймасликка қарор қилдик. Шунингдек, 2028 йил охиригача биз Европа Иттифоқидан ҳар қандай бюджет грантларини олишдан воз кечамиз», — деди Кобахидзе.
Унинг сўзларига кўра, 2028 йил охирида Грузия 2030 йилда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлашга иқтисодий жиҳатдан тайёр бўлади. Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқининг шарқий йўналишда кенгайиши ҳали ҳам режалаштирилмаган, техник нуқтаи назардан эса музокаралар бошланишидан унга қўшилишгача атиги бир ярим-икки йил керак бўлади.
Мамлакат ўтган йилнинг декабрь ойида Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун номзод мақомини олганди, аммо хорижий таъсирнинг шаффофлиги тўғрисидаги қонун («хорижий агентлар тўғрисидаги қонун») қабул қилингандан сўнг, Европа Иттифоқи вакиллари Грузиянинг иттифоққа аъзо бўлиш жараёни амалда тўхтатилганини эълон қилди.
Европа Иттифоқи, шунингдек, Грузия расмийлари билан алоқаларни қисқартириш ва демократиядаги чекиниш туфайли Тбилисига молиявий ёрдам кўрсатишни тўхтатганини билдирди.