Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари ҳамда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмиталарининг 29 ноябрь кунги қўшма мажлисида Ўзбекистондаги йод танқислиги бўйича ҳолат таҳлил қилинди. Бу ҳақда юқори палата матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда мазкур қўмиталар ҳамкорлигида ўтказилган «Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг йодланган туз ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлашда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан стандартларнинг мажбурий талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишга оид қисми ижросини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Ҳозирда мамлакатда йод танқислиги ҳолатларининг тарқалиш даражаси 31 фоизни ташкил этиб, 20 йил мобайнида 2,5 баробарга камайган.

«Бироқ, Ўзбекистон ҳали ҳам йод танқислиги бўйича оғир ҳудуд бўлиб қолмоқда. Аҳоли орасида эндемик буқоқдан касалланиш кўрсаткичларини камайтириш ва ош тузини йодлаш бўйича талабларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш зарурияти ҳам юзага келган. Айниқса, 2023 йилда йод танқислиги касаллиги ҳар 100 минг аҳолига Қорақалпоғистон Республикасида (2160,7), Сурхондарё (1883,3), Жиззах (1494) Бухоро (1262,2) вилоятларида мамлакат кўрсаткичларига нисбатан (912,4) баланд бўлгани ташвишли ҳолдир», — дейилади хабарда.

Шу даврда йод танқислиги кўрсаткичи болалар ва ўсмирлар орасида мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига ўртача 712,3 ва 3593,6 нафарни ташкил этган. Қайд этилишича, ушбу кўрсаткичлар мамлакатда «йод танқислиги пандемияси» давом этаётганини англатади.

2007 йилда қабул қилинган қонунда йод етишмаслиги касалликларининг оммавий профилактикаси озиқ-овқатга йодланган туз ишлатиш ва йодланган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш орқали амалга оширилиши белгиланган.

Лекин 2024 йилнинг 9 ойи якунига кўра ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатганки, мамлакатда 94 та ош тузи ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва ундан фойдаланувчи корхона мавжуд ва уларнинг бор-йўғи 24 тасида лабораториялар бор, фақатгина 72 тасида дозаторлар ўрнатилган. Шу дозаторлардан ҳам айримлари мутлақо талабга жавоб бермайди.

2024 йилнинг 9 ойи давомида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан текширувлар ўтказилган. Натижада туз ишлаб чиқарувчи корхоналардан олинган 263 та намунадан 65 тасида (25 фоиз), савдо ва умумий овқатланиш шохобчаларидан олинган 1110 та намунанинг 347 тасида (31,5 фоиз), мактабгача ва мактаб таълими муассасаларидан олинган 3613 та намунанинг эса 1263 тасида (35 фоиз) йод миқдори белгиланган талабга жавоб бермаслиги аниқланган.

Шу билан бирга ўрганишлар давомида Сирдарё вилоятида ҳеч қандай ҳужжатсиз тузни қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва ташиш фаолияти билан ноқонуний шуғулланиб келаётган 4 та корхона аниқланган.

«Ушбу корхоналарда тузни йодлаш дозаторлари мавжуд эмас. Омборларда маҳсулотларни сақлаш қоидаларига амал қилинмаган, қайта ишлаб чиқариш учун келтирилган бирламчи тузларнинг тегишли ҳужжатлари, хусусан сертификатлари мавжуд эмас. Туз белгиланган талабга жавоб бермайдиган пакетларга қадоқланмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқарилган саналар кўрсатилмаган ҳолда сотувга чиқарилмоқда. Айрим ҳолларда қадоқларга йодланган ош тузи деб, аслида йодланмаган техник туз солинаётгани аниқланган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, айрим тадбиркорлар тегишли қонунчилик ҳужжатларида белгиланган имтиёзларни суиистеъмол қилиб, аҳолининг соғлиғи учун зарарли бўлган маҳсулотларни сотишни давом эттирмоқда.

«Мажлис якунлари бўйича қўмиталарнинг аниқ таклифлар акс этган қўшма қарори қабул қилинди», — дейилган қўшма мажлис якуни бўйича хабарда.