Қозоғистон Миллий банки (Марказий банк) тенге заифлашиши ва инфляцион ўзгаришлар билан боғлиқ хавотирлар туфайли 2022 йил охиридан бери биринчи марта базавий ставкани оширди.
Базавий ставка «янгиланган прогнозлар ва инфляцион хатарлар балансини баҳолаш»ни ҳисобга олган ҳолда 14,25 фоиздан 15,25 фоизгача оширилди. Охирги марта регулятор 2022 йил декабрь ойида ставкани 16,75% гача оширган, ўшандан бери у аста-секин пасайиб бораётганди.
Миллий банк 2024 йил учун инфлация прогнозини 8−9 фоизгача қайд этиб, 2025 йил учун 6,5−8,5 фоизгача (прогноз қилингани — 5,5−7,5 фоиз), 2026 йил учун 5,5−7,5 фоизгача (5−7 фоиз) ошириш томон қайта кўриб чиқди. Келгуси йилларда инфляция бўйича юқори баҳолар фискал рағбатлантиришнинг кенгайиши, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасидаги ислоҳотларнинг давом эттирилиши, алмашув курсининг сусайиши ва ташқи инфляцион босимнинг кучайиши билан боғлиқ.
Миллий банк раиси Тимур Сулейменов ички ва ташқи омиллар туфайли нархлар ўсиши тезлашаётганини маълум қилди. Асосий ташқи омилларга жаҳон озиқ-овқат нархларининг ўсиши, юқори инфлация ва Қозоғистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериги — Россиядаги курснинг сезиларли тебранишлари киради.
Бундан ташқари, давлат молиясини барқарорлаштириш воситалари бўйича ноаниқликлар сақланиб қолмоқда. Тартибга солинадиган нархлар ва тарифларни янада либераллаштириш, унинг суръати ва муддатлари ҳам прогноздаги сезиларли хавфдир.
2024 йил учун Қозоғистон иқтисодиётининг ўсиши прогнози 4−4,5 фоиз даражасида дея қайд этилди. 2025 ва 2026 йилларга мўлжалланган прогнозлар мос равишда 4,5−5,5% ва 4,6−5,6% (5,5−7,5% ва 5−7%)гача тушириш йўналишида қайта кўриб чиқилди. Пастроқ прогнозлар нефть нархларининг сенарий бўйича пасайиши ва ташқи талабнинг мўътадиллиги билан боғлиқ.
Асосий сценарийда Brent маркали нефть нархи прогноз даври охиригача ўртача 70 АҚШ долларигача пасайиш томонга қайта кўриб чиқилди (82,5 ва 77,5 доллар эди).
Регуляторнинг баёнотида айтилишича, у ўзининг бўлажак йиғилишларида «инфляцияни барқарор секинлашиш траекториясига тезда қайтариш ва 5% мақсадли кўрсаткичга эришиш мақсадида» пул-кредит сиёсатини янада кучайтириш имкониятини кўриб чиқади.
Тенгенинг қадрсизланиши ва валюта интервенциялари
Базавий ставканинг ошиши тенге девальвацияси фонида содир бўлди. Ноябрь ойи бошидан буён Қозоғистон миллий валютаси долларга нисбатан 5 фоизга — 488,26 тенге дан 513 тенгегача, йил бошидан эса 12,8 фоизга қадрсизланди.
«Хабарингиз бор, бир доллар учун тенге курси ташқи ва ички омиллар таъсирида 500 тенгедан ошди. Биржа савдоларида курс 519,7 тенге даражасига етди ва 512 тенге даражасида ёпилди. Юқори ўзгарувчанлик кузатилмоқда, жумладан, долларнинг мустаҳкамланиши ва потенциал савдо божлари, АҚШдан нефть етказиб беришнинг кўпайиши, Қўшма Штатлар янги президентининг бошқа чоралари бозорда таклифнинг ортиб кетишига олиб келиши мумкин», — деди Миллий банк раиси Тимур Сулейменов.
АҚШ долларининг асосий жаҳон валюталарига нисбатан индекси 16,2 пунктга кўтарилиб, ой бошидан бери қарийб 2,2 фоизга мустаҳкамланди. Шу билан бирга, ривожланаётган мамлакатларнинг валюта индекси 3 фоизга пасайди. Сўнгги икки ойда Россия рубли 16,1 фоиз, Бразилия реали 10,3 фоиз, Корея вони 6,1 фоиз, Индонезия рупияси 4,8 фоиз, Мексика песоси 3,8 фоизга қадрсизланди.
«Сўнгги кунларда 500 тенге психологик чегарасини босиб ўтиш фонида биржа савдолари ҳажми кунлик ўртача кўрсаткичлардан икки-уч баробар кўпайди. Шу билан бирга, валюта таклифи, яъни бозордаги сотувчилар сони чекланган эди. Ушбу омиллар йиғиндиси тенге курсига сезиларли босим ўтказмоқда», — дея тушунтирди регулятор раҳбари.
Миллий банк 16 ноябрдан буён 1 миллиард долларлик интервенциялар ўтказилганини маълум қилди. Бироқ ҳозирда интервенциялар тўхтатилгани ва курс «соф бозор омиллари таъсирида» шаклланаётгани қайд этилган.
Қозоғистон Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида учинчи ўринни эгаллаб турибди. Молиячи Отабек Бакировнинг фикрича, агар тенге ва рублнинг қадрсизланиш тенденцияси сақланиб қолса, бу Ўзбекистон экспортёрларининг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, шунингдек, импорт каналлари ва пул ўтказмалари каналлари орқали ўзбек сўмининг курсига босим ўтказа бошлайди.
Рубль курсининг кескин пасайиши фонида Россия Марказий банки 25 ноябрдан бошлаб асосий ставкани йиллик 21 фоизгача оширди ва 28 ноябрдан бошлаб Россия Молия вазирлигининг бюджет қоидалари бўйича мунтазам операцияларини акс эттириш доирасида ички валюта бозорида хорижий валютани сотиб олишни тўхтатди.